Иқтисод

Тошкент тумани Хитой текстиль компанияси билан меморандум имзолади

Тошкент тумани Хитой текстиль компанияси билан меморандум имзолади
Тошкент тумани Хитой текстиль компанияси билан меморандум имзолади / Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент тумани ҳокими Сардорбек Эргашев Хитойнинг Ляньюньган шаҳрига ташрифи доирасида туманга янги инвестицияларни жалб қилиш ва замонавий технологияларни ўзлаштириш масалалари бўйича қатор учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Музокаралар давомида томонлар Ляньюньганнинг иқтисодий ва саноат салоҳияти, шаҳардаги илғор ишлаб чиқариш тажрибаси ҳамда замонавий технологияларни Тошкент туманига жорий этиш имкониятларини муҳокама қилди.

Учрашувлар якунлари бўйича Хитойнинг Yingyou Xinlichen Textile Technology компанияси билан тўқимачилик йўналишида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилди ва томонлар ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат замонавий тўқимачилик технологияларини жорий этиш, ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва тажриба алмашишни назарда тутади.

Ташриф давомида Тошкент туманининг инвестициявий имкониятлари, мавжуд саноат инфратузилмаси ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳам тақдим этилди.

Эришилган келишувлар туманда янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, қўшимча иш ўринларини яратиш ва тўқимачилик саноатида замонавий технологиялар улушини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.