Ўзбекистон

Қорақалпоғистонда суғориш сувининг 38 фоизи йўқолади — Мирзиёев

Қорақалпоғистонда суғориш сувининг 38 фоизи йўқолади — Мирзиёев
Қорақалпоғистонда суғориш сувининг 38 фоизи йўқолади — Мирзиёев / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қорақалпоғистонда 417 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун 5 миллиард 700 миллион куб метр сувдан фойдаланилади. Шундан 38 фоизи ёки 2 миллиард 100 миллион куб метри йўқотилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида Қорақалпоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди.

Президент Тўрткўлдаги «Йонбош» канали орқали ҳар йили 115 миллион куб метр сув ўтиши, шундан 44 миллион куб метри йўқотилаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, канални тўлиқ бетонлаштириш орқали яна 9 минг гектар ерни сув билан таъминлаш ва 15 минг бош қорамол учун озуқа базасини яратиш мумкин.

Мирзиёев Бўзатов туманидаги «Эркиндарё» каналининг 8 километрлик қисмини бетонлаштириш ерлардан фойдаланиш майдонини 3 минг гектарга кенгайтириш ва 15 минг гектар ернинг сув таъминотини яхшилаш имконини беришини таъкидлади. Шунингдек, учта гидротехника иншооти ва 22 та артезиан қудуғини қуриш қўшимча 5 минг гектар озуқа ерларини яратиш имконини беради.

Президент ушбу ишлар учун жами 135 миллиард сўм ажратиш ва икки канални бетонлаштириш ишларини 1 мартга қадар якунлаш вазифасини топширди. Унинг сўзларига кўра, Тўрткўл ва Бўзатов туманларида келаси йили 17 минг гектар майдонга озуқа экинларини экиш ва 2 минг кишини даромад билан таъминлаш зарур.

Мирзиёев сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш учун Япониядан 4,5 миллион доллар миқдорида грант жалб этилганини ижобий баҳолади. У келаси йили бундай грантлар ҳажмини 100 миллион долларга етказиш вазифасини қўйди.

Шунингдек, у ўтган йили 30 миллиард сўм ҳисобидан 276 та сув насос агрегати энергия тежамкор насосларга алмаштирилганини маълум қилди. Бу ҳар йили 16 миллион киловатт-соат электр энергиясини тежаш имконини бермоқда. 1 апрелга қадар Қорақалпоғистонда яна 59 та, бошқа ҳудудларда эса 200 та насосни янгилаш режалаштирилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.