Ўзбекистон

Қашқадарёда оиланинг иккинчи фарзанди қариндошларига топширилди

Қашқадарёда оиланинг иккинчи фарзанди қариндошларига топширилди
Қашқадарёда оиланинг иккинчи фарзанди қариндошларига топширилди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қашқадарё вилоятида тўрт ёшли қизчанинг ҳалок бўлишидан сўнг оиланинг иккинчи фарзанди яқин қариндошларининг қарамоғига топширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.

Қарор боланинг хавфсизлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Ижтимоий ҳимоя тизими мутахассислари боланинг ҳолати ва мавжуд хавф омилларини баҳоламоқда. Шунингдек, бола тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарур психологик ёрдам олмоқда.

Яшаш жойи ўзгаргани муносабати билан таълимнинг узлуксизлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Бундан ташқари, болага нисбатан ижтимоий кейс очилиб, унинг асосида ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг индивидуал режаси ишлаб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 26 сентябрь куни Қасбий туманида тўрт ёшли қизча ўгай онаси ва унинг турмуш ўртоғи ўртасидаги можаро вақтида бошидан оғир жароҳат олган. Болалар омбудсмани маълумотига кўра, ўгай она болани урган, шундан сўнг қизча шу куни вафот этган.

Туман ички ишлар бўлими томонидан ўлимга олиб келган қасддан соғлиққа зарар етказиш моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи ушланган.

30 сентябрь куни Қашқадарё вилояти прокуратураси жиноят ишини Жиноят кодексининг 97-моддаси — «Қасддан одам ўлдириш» бўйича қайта квалификация қилди. Дастлабки терговни олиб бориш вилоят прокуратурасига топширилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.