Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Миграция агентлиги директори Мухсинхўжа Абдураҳмонов Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Алексей Ерхов билан учрашув ўтказди.
Томонлар Ўзбекистон фуқароларини Россияга ишлаш учун уюшган ҳолда юбориш механизмларини такомиллаштириш ва уларнинг мамлакатдан чиқиб кетишидан олдин зарур жараёнларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.
Музокаралар давомида «барча жараёнлар бир жойда» тамойили асосида комплекс марказ ташкил этиш таклиф қилинди.
Унда мамлакатдан чиқишдан олдин тест синовларини ўтказиш, тиббий кўрикдан ўтказиш, биометрик маълумотларни олиш ва бармоқ изларини қайд этиш, шунингдек, ҳужжатларни текшириш жараёнларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Рус тили бўйича имтиҳонларни бевосита ҳудудларда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Бундай ёндашув фуқароларнинг Тошкентга келиш зарурати билан боғлиқ вақт ва харажатларини қисқартириш имконини беради. Имтиҳонларни ўтказиш учун зарур инфратузилма ҳозирнинг ўзида тўртта ҳудудда тайёрланган.
Таклиф этилаётган механизмга кўра, Россияда ишлашни режалаштираётган фуқаролар мамлакатдан чиқиб кетишидан олдин иш жойи, корхона ва меҳнат шароитларини аниқ билиб олади.
Шунингдек, улар зарур ҳужжатларни олдиндан расмийлаштириши ва белгиланган жараёнлардан ўтиши мумкин бўлади.
Уюшган ҳолда ишга юборишни муайян иш берувчиларнинг буюртмалари асосида амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу фуқароларнинг Россияга қонуний ва аниқ тартибда ишлаш учун чиқиб кетишини таъминлашга қаратилган.