Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Малайзия 25–27 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган TITF 2026 халқаро туризм кўргазмасида иштирок этган йилларидаги энг йирик стендини тақдим этади. Бу ҳақда Tourism Malaysia хабар берди.
Central Asian Expo (CAEx) кўргазма мажмуасида Малайзия делегацияси 18 та туристик компания ва соҳавий ташкилотни бирлаштиради. Дастурдан ишбилармонлик учрашувлари, маданий чиқишлар ва мамлакатнинг туристик имкониятлари тақдимотлари ўрин олган.
25 ноябрь куни бўлиб ўтадиган очилиш маросимида Tourism Malaysia бош директорининг тарғибот масалалари бўйича ўринбосари Ли Тай Хунг, ташкилотнинг Америка, Европа ва Океания мамлакатлари бўйича халқаро тарғибот департаменти директори Мохамад Либра Ли Ханифф ҳамда ташкилотнинг Олмаотадаги ваколатхонаси директори Нор Шазли Азми иштирок этади. Шунингдек, Ўзбекистон ва Малайзия туризм соҳаси вакиллари ҳам қатнашиши кутилмоқда.
Кўргазмадаги иштирок Visit Malaysia 2026–2027 халқаро кампанияси доирасида ташкил этилмоқда. У Малайзиянинг маданий мероси, табиий диққатга сазовор жойлари ва турли хил туристик таклифларини тарғиб қилишга қаратилган. Бунда барқарор туризмни ривожлантириш ва маҳаллий маданият билан таништиришга алоҳида эътибор берилади.
Делегация таркибидан меҳмонхона тармоқлари, курортлар, туроператорлар, туристик агентликлар, таълим муассасалари ва Batik Air авиакомпанияси вакиллари ўрин олган. Шунингдек, унда Лангкавини ривожлантириш бошқармаси ва Ислом туризми маркази ҳам иштирок этади.
Малайзия стендида рақс ва мусиқий чиқишлар, пазандачилик ҳамда ҳунармандчилик намойишлари режалаштирилган. Ташриф буюрувчилар батик матосига нақш тушириш бўйича маҳорат дарсида иштирок этишлари, анъанавий «тех тарик» чойининг тайёрланиш жараёнини кузатишлари ва уни татиб кўришлари мумкин.
Tourism Malaysia маълумотларига кўра, 2026 йил январь–сентябрь ойларида Малайзияга Ўзбекистондан 22 529 нафар сайёҳ ташриф буюрган. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 64,1 фоизга кўп. Марказий Осиёнинг бешта мамлакатидан келган сайёҳларнинг умумий сони 77 137 нафарга етиб, 21,7 фоизга ошган.
Ҳозирда Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасида ҳафтасига еттита тўғридан-тўғри рейс амалга оширилмоқда. Парвозлар Batik Air ва Uzbekistan Airways авиакомпаниялари томонидан бажарилади. Бундан ташқари, мавсумий чартер дастурлари, жумладан, Лангкавига тўғридан-тўғри рейслар Малайзиянинг бошқа ҳудудларига саёҳат қилиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
«Сайёҳлар оқими бўйича сўнгги маълумотлар оптимизм уйғотмоқда, бироқ бизнинг мақсадларимиз сайёҳлар сонини ошириш билан чекланмайди. Биз Ўзбекистон туризм соҳаси билан узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш, маҳаллий сайёҳларнинг хоҳиш-истакларини ҳисобга олган ҳолда туристик таклифлар турини кенгайтириш ва Малайзияни яна қайтиш истагини уйғотадиган мамлакатга айлантиришга интиламиз», — деди Ли Тай Хунг.
Ташриф доирасида Tourism Malaysia туризм соҳаси вакиллари ҳамда фахрий меҳмонлар учун тантанали кечки овқат ҳам ташкил этади. Дастурда авиакомпаниялар ва туроператорлар билан учрашувлар ўрин олган. 27 ноябрь куни эса алоҳида B2B бизнес-сессияси бўлиб ўтади.
Тадбирлар ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, янги туристик маҳсулотларни яратиш ва Малайзиянинг Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан ҳамкорлигини кенгайтиришга қаратилган.