Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Иордания кимё саноатидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда ем-хашак фосфатлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳани ишлаб чиқишга келишиб олди. Бу ҳақда «Ўзкимёсаноат» матбуот хизмати хабар берди.
Келишувларга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иорданияга давлат ташрифи арафасида эришилди. «Ўзкимёсаноат» бошқаруви раиси Иорданиянинг йирик саноат ва кимё компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
Музокараларда Jordan Phosphate Mines Company, Al Faiha Group, Manaseer Group ва маиший кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компаниялар вакиллари иштирок этди.
Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва саноат кооперациясини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувлар якунида «Ўзкимёсаноат» ва Jordan Phosphate Mines Company ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат кимё саноатида ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашни назарда тутади.
Бундан ташқари, томонлар ем-хашак учун монокальцийфосфат (MCP) ва дикальцийфосфат (DCP) ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳани ишлаб чиқиш тўғрисида келишув тузди.
Лойиҳа ем-хашак учун фосфат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, маҳсулот турларини диверсификация қилиш ва қўшилган қиймат занжирларини кенгайтиришга қаратилган. Шунингдек, Ўзбекистон кимё саноатига хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш ҳам кўзда тутилган.
«Ўзкимёсаноат»да қайд этилишича, эришилган келишувлар икки мамлакат ўртасидаги ишлаб чиқариш кооперациясини мустаҳкамлаш ва истиқболли инвестиция лойиҳаларини илгари суриш имконини беради.