7
Технологиялар

DataVolt раҳбарияти Ўзбекистондаги маълумотлар маркази қурилишини кўздан кечирди

DataVolt раҳбарияти Ўзбекистондаги маълумотлар маркази қурилишини кўздан кечирди
DataVolt раҳбарияти Ўзбекистондаги маълумотлар маркази қурилишини кўздан кечирди / Фото: Рақамли технологиялар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — DataVolt ва Vision Invest Group раҳбарияти вакиллари IT Park Uzbekistan ҳудудида қурилаётган маълумотларни қайта ишлаш марказидаги ишлар жараёни билан танишди. Ташриф лойиҳанинг жорий ҳолати, қурилиш ишларини якунлаш ва хавфсизлик талабларига риоя этилишига бағишланди.

Мажмуага Vision Invest Group раиси ва DataVolt директорлар кенгаши аъзоси Муҳаммад Абунейян, шунингдек, DataVolt бош директори Ражит Нанда ташриф буюрди. Делегацияга Ўзбекистон рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Аюбхон Султонов ҳамроҳлик қилди.

IT Park Uzbekistan ҳудудидаги DataVolt офисида бўлиб ўтган учрашувда иштирокчилар лойиҳани амалга ошириш жараёни, жорий ишлар ва ташкилий масалаларни муҳокама қилди. Қурилиш, монтаж ва ободонлаштириш ишларини 2026 йил охирига қадар якунлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар, шунингдек, лойиҳани амалга оширишнинг барча босқичларида меҳнатни муҳофаза қилиш, техник ва қурилиш хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этиш зарурлигини таъкидлади.

Шундан сўнг делегация қурилиш майдончасига ташриф буюрди. У ерда DataVolt вакиллари, бош пудратчи ҳамда бошқа пудратчи ташкилотлар мутахассислари ўрнатилган муҳандислик тизимлари ва монтаж жараёни давом этаётган ускуналарни намойиш этди.

Жумладан, иштирокчилар электр таъминоти, кондиционерлаш ва ҳаво айланиши тизимлари, шунингдек, серверларни сув ёрдамида совитиш учун мўлжалланган ускуналар билан танишди.

Ташриф якунлари бўйича пудратчи ташкилотлар вакиллари ишлар белгиланган жадвалга мувофиқ давом этаётганини маълум қилди. Лойиҳани ўз вақтида якунлаш, қурилишнинг юқори сифатини таъминлаш ва хавфсизлик талабларига риоя этиш асосий устувор вазифалар бўлиб қолмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.