Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жаҳонда 3D-босма бозори ўсмоқда. Wohlers Report 2026 маълумотларига кўра, 2025 йилда аддитив ишлаб чиқаришнинг жаҳон бозори 10,9 фоизга ўсиб, 24,2 миллиард долларга етган. Бозорнинг энг йирик сегменти 3D-босма хизматларига тўғри келади.
Бу хизматлар ҳажми 15,5 фоизга, ускуналар савдоси эса 3,6 фоизга ўсган. Аддитив ишлаб чиқариш соҳаси мутахассисларининг фикрича, бундай ўсиш 3D-индустриянинг янги, янада етук босқичга ўтаётгани ва саноат ишлаб чиқаришида тўлақонли воситага айланиб бораётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Тармоқнинг ўсишига авиация, космик соҳа, автомобилсозлик ва энергетикадаги йирик компанияларнинг 3D-босмани ўз эҳтиёжлари учун ривожлантираётгани ҳам таъсир қилмоқда. Бундай ички ишлаб чиқариш модели (in-house) компанияга лойиҳалашдан тортиб маҳсулотни тайёрлаш ва унинг сифатини текширишгача бўлган бутун ишлаб чиқариш жараёнини назорат қилиш ҳамда ташқи етказиб берувчиларга қарамликни камайтириш имконини беради. Бу автомобилсозлик учун айниқса муҳим, чунки бутловчи қисмларни етказиб беришдаги кечикишлар автомобиллар ишлаб чиқариш маромини бузиши мумкин.
Сентябрь ойи бошида бир неча автомобиль ишлаб чиқарувчиси ўз корхоналарида 3D-босмадан фойдаланиш кўламини кенгайтираётганини маълум қилди. Toyota ва Rivian ишлаб чиқаришда қўлланиладиган мосламалар ҳамда ёрдамчи буюмларни тайёрлаш учун мўлжалланган янги йирик форматли тизим имкониятларини баҳолашни бошлади. Hyundai эса Жанубий Кореядаги тадқиқот марказига прототиплар, серияли ишлаб чиқаришдан олдин тайёрланадиган ва синов учун мўлжалланган қисмлар, шунингдек, буюмларни кичик туркумларда чоп этиш учун иккита саноат 3D-принтерини ўрнатди.
3D-босма технологияси қанчалик кенг қўлланилаётганини BMW тажрибаси ҳам кўрсатади. Концерн маълумотларига кўра, унинг корхоналарида ҳар йили 100 мингдан ортиқ қисм 3D-босма усулида тайёрланади. Additive Manufacturing Campus ишга туширилганидан буён бу ерда 1,6 миллиондан ортиқ буюм тайёрланган. Компания 2027 йилдан бошлаб қисмларни серияли ишлаб чиқаришда ҳам йирик форматли металл 3D-босмасидан фойдаланишни режалаштирмоқда.
Ўзбекистонда аддитив технологиялардан фойдаланиш имкониятлари 2026 йил август ойида ўтказилган махсус семинарда муҳокама қилинди. Унда «Росатом» ва «Ўзатом» агентлиги экспертлари, шунингдек, автомобилсозлик, кимё ва тоғ-кон саноати корхоналарининг 30 нафарга яқин вакили иштирок этди. Улар орасида UzAuto Motors, Навоий кон-металлургия комбинати ва «Навоийазот» вакиллари ҳам бор эди.
Семинарда мамлакатда Аддитив технологиялар марказини (АТМ) ташкил этиш имконияти ҳам кўриб чиқилди. Лойиҳа ишчи гуруҳлар тузиш, корхоналар аудитини ўтказиш, маҳсулот ва хизматларнинг истиқболли турларини аниқлаш, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни баҳолашни назарда тутади.
Минск шаҳрида «Росатом»нинг хориждаги биринчи Аддитив технологиялар маркази (АТМ) фаолият юритмоқда. Марказни ташкил этишдан олдин мутахассислар 3D-босма технологияларига бўлган талабни баҳолаш мақсадида 50 дан ортиқ корхонанинг эҳтиёжлари ва ишлаб чиқариш вазифаларини ўрганган. Фаолиятининг биринчи йилида марказ машинасозлик ва энергетика соҳаларида 20 дан ортиқ буюртмани бажарган. Жумладан, МАЗ ва Минск трактор заводи учун синов тариқасида бир неча туркум қисмлар тайёрланган.
Минскдаги марказ бошқа мамлакатлардаги шунга ўхшаш лойиҳалар учун намуна сифатида қаралмоқда. «Росатом» матбуот хизмати маълумотига кўра, айни пайтда Мисрда Аддитив технологиялар марказини (АТМ) фойдаланишга тайёр ҳолда барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Вьетнамдаги лойиҳа эса 3D-босма марказини ташкил этиш, металл кукунлари ишлаб чиқариш, мутахассисларни тайёрлаш, шунингдек, сифат стандартлари ва маҳсулотни сертификатлаш тартибларини биргаликда ишлаб чиқишни назарда тутади.
Саноатда 3D-босма, айниқса, маҳсулотни кичик туркумларда ишлаб чиқаришда, мураккаб шаклдаги қисмлар ва ностандарт технологик мосламаларни тайёрлашда, шунингдек, буюм конструкциясини тез ўзгартириш зарур бўлган ҳолларда қўл келади. Аддитив технологиялар ускунанинг қиммат турадиган қисмларини тиклашда ҳам қўлланилиши мумкин.
Ўзбекистон корхоналари учун ушбу вазифаларнинг қай бири долзарб эканини лойиҳада назарда тутилган аудит аниқлаб беради. Унинг натижалари асосида қайси буюм ва хизматларга эҳтиёж борлиги аниқланади, шунингдек, марказни ташкил этиш шароитлари баҳоланади.