Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 23 октябрь куни Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва геология вазири Б. Исломов, ташқи савдо, инвестициялар ва саноат вазири Л. Қудратов ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори Ш. Вафоев Eldridge Industries компанияси делегацияси билан учрашув ўтказди.
Делегацияга компания ҳаммуассиси, раиси ва бош ижрочи директори Тодд Боэли бошчилик қилди. Учрашувда, шунингдек, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ бошқаруви раиси А. Хурсанов ва «Ўзметкомбинат» АЖ бошқаруви раиси Б. Абдуллаев иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги хабар берди.
Меҳмонларга ОКМК ва «Ўзметкомбинат» фаолияти, шунингдек, ушбу корхоналар хорижий компаниялар билан ҳамкорликда амалга ошираётган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Томонлар тоғ-кон саноати, металлургия ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.