Иқтисод

Самарқанд 2027 йилда Жаҳон улгуржи бозорлар конференциясига мезбонлик қилади

Самарқанд 2027 йилда Жаҳон улгуржи бозорлар конференциясига мезбонлик қилади
Самарқанд 2027 йилда Жаҳон улгуржи бозорлар конференциясига мезбонлик қилади / Фото: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд шаҳри 2027 йилда Жаҳон улгуржи бозорлар иттифоқининг (WUWM) халқаро конференцияси ва Бош ассамблеясига мезбонлик қилади.

Ўзбекистон тарихда илк бор ушбу тадбирларни ўтказиш майдонига айланади. Бу ҳақда мамлакат Савдо-саноат палатаси хабар берди.

6 ноябрь куни Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида WUWM президенти Стефан Лаяни ташкилот байроғини Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари Шерзод Ибрагимовга тантанали равишда топширди.

Жаҳон улгуржи бозорлар иттифоқи беш қитъадаги 40 дан ортиқ мамлакатдан 220 га яқин иштирокчини бирлаштиради. Уларнинг қаторига улгуржи бозорлар, миллий тармоқ ассоциациялари ва компаниялар киради. Ташкилот маълумотларига кўра, унинг аъзолари орқали дунёда истеъмол қилинадиган янги мева ва сабзавотларнинг қарийб ярми ўтказилади.

WUWM, шунингдек, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури — UN-Habitat билан ўзаро англашув меморандумлари асосида ҳамкорлик қилади.

Аввалги йилларда ташкилот конференциялари Абу-Даби, Йоханнесбург, Брюссель, Римини, Бангкок, Канкун ва Тяньцзинь шаҳарларида ўтказилган. 2027 йилда ушбу рўйхатга Самарқанд ҳам қўшилади.

Ўзбекистоннинг тадбирга мезбон давлат сифатида танланиши мамлакат аграр салоҳияти билан боғлиқ. Мамлакатда ҳар йили 23 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот етиштирилади. 2025 йилда ушбу маҳсулотлар экспорти 2,1 миллиард долларлик 2,2 миллион тоннани ташкил этди. Натурал ҳажмдаги етказиб беришлар ўтган йилга нисбатан 36,9 фоизга ошди. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг янги мева-сабзавот маҳсулотлари 73 та мамлакатга экспорт қилинмоқда.

ФАО маълумотларига кўра, Ўзбекистон ўрик етиштириш бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллайди.

Конференция дастуридан ялпи мажлислар, WUWM Бош ассамблеясини ўтказиш, улгуржи бозорлар, боғлар ва агрологистика мажмуаларига техник ташрифлар, шунингдек, маҳаллий экспортёрлар билан ишбилармонлик учрашувлари ўрин олган.

Тадбирни Ўзбекистонда ўтказиш 2024 йил 1 апрелдаги ПҚ-146-сон Президент қарорида назарда тутилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.