Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш қўмитаси 12 нафар блогернинг ижтимоий тармоқлардаги эълонларида реклама тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганини аниқлади. Қоидабузарларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилди.
Қўмита маълум қилишича, ижтимоий тармоқлардаги рекламани мониторинг қилиш учун 110 нафар блогердан иборат рўйхат шакллантирилган. Уларнинг саҳифалари ҳар куни «Реклама тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқлиги юзасидан текшириб борилади.
Текширувлар натижасида 12 нафар блогер қонунчилик талабларини бузган ҳолда реклама материалларини жойлаштиргани аниқланган. Уларга нисбатан қонунда белгиланган маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилган. Айни пайтда идора аниқланган қоидабузарликларнинг хусусияти ва қўлланилган жазо турлари ҳақида маълумот бермаган.
Бундан ташқари, қўмита мамлакатда танилган хонандалар, актёр ва актрисалар ҳамда спортчилар рўйхатини шакллантирган. Уларнинг ижтимоий тармоқлардаги реклама хусусиятига эга бўлган постлари ҳам мунтазам назорат қилиб борилмоқда.
Идора реклама берувчилар, ишлаб чиқарувчилар ва реклама тарқатувчиларни, жумладан, блогерлар ҳамда оммага танилган шахсларни қонунчилик талабларига риоя қилишга чақирди.
Қўмита таъкидлашича, реклама ишончли бўлиши ва истеъмолчиларни товарлар ҳамда хизматлар хусусида чалғитмаслиги керак.
Қонун талабларини билмаслик ёки уларга бепарво муносабатда бўлиш жавобгарликдан озод қилмайди.
Қўмита ижтимоий тармоқлардаги рекламани мониторинг қилиш, қоидабузарликларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда реклама бозорида қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш ишларини давом эттиришни режалаштирмоқда.