Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Инновацион ривожланиш агентлиги Корея Миллий тадқиқотлар жамғармаси (NRF Korea) билан ҳамкорликда Сеул шаҳрида Глобал тадқиқот кенгашининг (Global Research Council, GRC) Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича минтақавий йиғилишини ўтказади.
Тадбир 2026 йил 30 ноябрдан 2 декабрга қадар бўлиб ўтади.
Агентлик матбуот хизмати хабар беришича, бундай тадбирни ташкил этишда Марказий Осиёдан биринчи марта бирор ташкилот ҳамкор сифатида иштирок этмоқда.
Йиғилишда Шарқий, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё ҳамда Тинч океани минтақаси мамлакатларининг миллий илмий жамғармалари раҳбарлари, илмий грантлар ажратувчи ташкилотлар, илмий сиёсатни шакллантирувчи муассасалар вакиллари, халқаро дастурлар экспертлари ҳамда GRC ишчи гуруҳлари аъзолари иштирок этади.
Тадбирни ҳамкорликда ташкил этиш тўғрисидаги қарор 2026 йил май ойида Бангкокда бўлиб ўтган GRCнинг 14-йиллик йиғилишида маъқулланган. Ўшанда Агентлик вакили «Барқарор ҳамжамиятлар учун тадқиқотлар» сессиясига модераторлик қилган. Унда ижтимоий ва экологик муаммоларни ҳал этишда илм-фаннинг ўрни, сунъий интеллектдан фойдаланиш ва очиқ илм-фан тамойиллари муҳокама қилинган.
Октябрь ойида Агентлик делегацияси Кореяда NRF Korea халқаро алоқалар бошқармаси директори Хесу Ким билан учрашиб, йиғилиш дастури, сессиялар фаолияти, маърузачилар ва модераторларнинг иштироки масалаларини муҳокама қилди.
2012 йилда Вашингтонда ташкил этилган GRC турли мамлакатларда илм-фанни молиялаштирувчи ташкилотлар раҳбарларини бирлаштиради.
Кенгаш майдонларида қайси тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, лойиҳаларни қандай мезонлар асосида баҳолаш ва илм-фаннинг иқтисодиёт ҳамда жамиятга таъсирини қандай ошириш масалалари муҳокама қилинади. Минтақавий учрашувларда ишлаб чиқилган таклифлар кейинги йилги глобал йиғилишни тайёрлашда инобатга олинади.
Агентлик фикрича, ушбу учрашувни ташкил этишда иштирок этиш мамлакатнинг халқаро илмий ҳамжамиятдаги мавқеини мустаҳкамлайди ва ўзбекистонлик олимлар учун янги имкониятларни кенгайтиради.
Кутилаётган натижалар қаторига етакчи илмий жамғармалар билан алоқаларни ривожлантириш, қўшма танловлар ўтказиш, халқаро грант дастурлари ва тадқиқот консорциумларини ташкил этиш имкониятлари киради.
Бундан ташқари, мазкур ҳамкорлик Ўзбекистоннинг GRC аъзолигига қабул қилиниши учун ҳам имконият яратади.