Иқтисод

Устюрт минтақасида янги газ-конденсат кони очилди

Устюрт минтақасида янги газ-конденсат кони очилди
Устюрт минтақасида янги газ-конденсат кони очилди / Фото: «Ўзбекнефтегаз» АЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Устюрт минтақасининг марказий қисмида олиб борилган геологик қидирув ишлари натижасида янги Қоратоғ газ-конденсат кони очилди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтегаз» АЖ хабар берди.

Қоратоғ майдони маъмурий жиҳатдан Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида жойлашган. Қидирув ишлари доирасида бу ерда чуқурлиги 4 860 метр бўлган №1 қудуқ қазилди.

3 октябрь куни қудуқни синаш жараёнида 3 273–3 213 метр чуқурликдаги қуйи юра ётқизиқларидан табиий газ ва конденсатнинг саноат миқёсидаги оқими олинди. Синов натижаларига кўра, янги газ-конденсат кони очилгани тасдиқланди.

Қоратоғ майдонидаги кейинги ишлар жорий йил охирига қадар давом эттирилади. Режага кўра, бу ерда №2 қидирув қудуғини бурғилаш ишларини якунлаш, шунингдек, №3 ва №4 қидирув-разведка қудуқларини бурғилашга киришиш режалаштирилган.

«Ўзбекнефтегаз» маълумотларига кўра, Қоратоғ майдонида олиб борилган геологик қидирув ишларидан олинган натижалар Устюрт минтақасида углеводородларнинг чуқур қатламларини ўрганишнинг янги истиқболли йўналишларини аниқлаш учун имконият яратади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.