Иқтисод

Япониялик инвесторлар Тошкентда уй-жойларни бошқариш лойиҳаларини ўрганади

Япониялик инвесторлар Тошкентда уй-жойларни бошқариш лойиҳаларини ўрганади
Япониялик инвесторлар Тошкентда уй-жойларни бошқариш лойиҳаларини ўрганади / Фото: Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Япониялик инвесторлар Тошкентда кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш фаолиятини кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вазир ўринбосари Озода Жўраева ва Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Обиджон Муминов йирик япон тадбиркори билан учрашув ўтказди. Томонлар кўп квартирали уйларни бошқариш ва уй-жой коммунал хизматларини кўрсатиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Учрашувда уй-жой коммунал хўжалигини ислоҳ қилиш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва кўп квартирали уй-жой фондини самарали бошқариш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди.

Япониялик инвесторлар Хоразм вилоятида аллақачон фаолият юритмоқда. Улар бу ерда кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш, капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш ва замонавий сервис хизматларини жорий этиш билан шуғулланади. Энди улар ушбу тажрибани Тошкентда ҳам қўллашга қизиқиш билдирган.

Пойтахтда жами 12 036 та кўп квартирали уй мавжуд. Уларга 382 та бошқарув сервис компанияси ва 110 та уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатади. Яна 54 та уй бевосита мулкдорларнинг ўзлари томонидан бошқарилади.

Учрашув давомида Озода Жўраева япон компаниялари вакилларига уларнинг режалари, инвестиция мақсадлари ва таклиф этилаётган технологик ечимлар ҳақида саволлар берди.

Ўзбекистон томони бир нечта йўналиш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Улар қаторига кўп квартирали уйларни бошқаришнинг замонавий моделларини жорий этиш, биноларнинг техник ҳолатини яхшилаш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш киради.

Шунингдек, энергия тежовчи ва рақамли технологияларни қўллаш, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ҳамда Япония тажрибасини Ўзбекистон шароитига мослаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилмоқда.

«Бизнинг асосий мақсадимиз — аниқ инвестиция лойиҳалари асосида ҳамкорликни йўлга қўйиш. Тошкентда пилот лойиҳаларни бошлаш ва уларнинг натижаларини ҳисобга олган ҳолда ҳамкорликни кенгайтириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Япониянинг илғор тажрибаси ва инвестиция имкониятлари соҳани янги босқичга олиб чиқишга ёрдам беришига ишонамиз», — деди Озода Жўраева.

Вазирлик ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур ташкилий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.