Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва чорвачилик соҳаларида Саудия Арабистонининг Almarai компанияси билан ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.
Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва Almarai компанияси бош ижрочи директори Фаввоз бин Муҳаммад Ал-Жассер ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди. Учрашув Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтди.
Музокаралар Хайрулло Бозоровнинг Саудия Арабистонига амалий ташрифи доирасида ўтказилди. Томонлар компаниянинг тажрибаси ва технологияларини вилоятда жорий этиш, шунингдек, ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди.
Жумладан, Фарғона вилоятида етиштириладиган мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлаш, қўшилган қиймати юқори бўлган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, замонавий чорвачилик мажмуаларини қуриш, шунингдек, гўшт етиштириш ва уни қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув иштирокчиларининг баҳолашича, вилоятнинг қишлоқ хўжалиги салоҳияти, хомашё базаси, инвестициявий шароитлари ва экспорт имкониятлари ушбу йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш учун замин яратади.
Таклифларни амалий жиҳатдан ишлаб чиқиш ва ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишларини белгилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Almarai компанияси 1977 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг бош қароргоҳи Ар-Риёд шаҳрида жойлашган.
Компания сут маҳсулотлари, шарбатлар, нон ва нон маҳсулотлари, паррандачилик ҳамда болалар озиқ-овқати сегментларида фаолият юритади. Унинг ишлаб чиқариш тизими хомашё етиштиришдан тортиб, маҳсулотларни қайта ишлаш, қадоқлаш ва тайёр маҳсулотларни истеъмолчиларга етказиб беришгача бўлган тўлиқ жараённи қамраб олади.
Хабарда келтирилган маълумотларга кўра, 2025 йилда Almarai компаниясининг тушуми 22 миллиард Саудия риёлидан ошган.