Ўзбекистон ва Туркия телекоммуникация соҳасини ривожлантиришни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Телекоммуникацияларни бошқариш маркази Туркияда давлат органлари ва технологик компаниялар вакиллари билан телекоммуникациялар ва мониторинг соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Телекоммуникацияларни бошқариш маркази хабар берди.
7 сентябрь куни Марказ делегацияси Туркия Ахборот технологиялари ва коммуникациялар бошқармаси (BTK) вице-президенти Бейтулла Кёшкю (Beytullah Koşçu) билан учрашди. Томонлар мобиль қурилмалар хавфсизлиги соҳасида тажриба ва маълумот алмашди.
Хусусан, музокаралар иштирокчилари клонланган қурилмаларни аниқлаш ва блоклаш механизмлари, шунингдек, телекоммуникация тармоқларида фирибгарликка қарши курашишнинг амалий ёндашувларини муҳокама қилди.
Томонлар радио частоталар спектрини бошқариш ва мониторинг қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Кун тартибидан антифрод тизимларини жорий этиш, мобиль рақамларни операторлар ўртасида кўчириш (MNP), рақамли ресурсларни бошқариш ва қўнғироқ қилувчи абонент рақамини идентификация қилиш (CLI) масалалари ҳам ўрин олди.
8 сентябрь куни Телекоммуникацияларни бошқариш маркази делегацияси Туркиянинг TechNarts технологик компанияси раҳбарияти билан Таха Яйджи (Taha Yaycı) бошчилигида учрашув ўтказди.
Музокараларда мобиль операторлар тармоқлари, телевизион эфир узатиш мониторинги ва замонавий технологик ечимларни қўллаш соҳаларида ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув иштирокчилари техник экспертиза, амалий тажриба ва маълумот алмашиш масалаларини ҳам кўриб чиқди. Шунингдек, Телекоммуникацияларни бошқариш марказининг технологик эҳтиёжлари ва фаолиятининг устувор йўналишларини инобатга олган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўтказилган учрашувлар Туркиянинг давлат ва технологик ҳамкорлари билан кейинги ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини муҳокама қилиш, тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун асос яратиш имконини берди.