Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Франция парламентлараро ҳамкорликни кенгайтиради

Дилафруз Ниязова · 03.09.2026 · 20:05 · 38 views
Ўзбекистон ва Франция парламентлараро ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон ва Франция парламентлараро ҳамкорликни кенгайтиради / Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов Франция Миллий Ассамблеяси депутати, “Франция–Марказий Осиё” дўстлик гуруҳи раиси Катрин Эрвье раҳбарлигидаги делегация билан учрашди.

Учрашув аввалида томонлар Ўзбекистон–Франция муносабатлари бугунги кунда стратегик шерикликнинг янги босқичига кўтарилиб, сиёсий мулоқот билан бир қаторда савдо-иқтисодий, энергетика, таълим ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳам жадал ривожланаётганини мамнуният билан қайд этдилар.

Таъкидланганидек, 2025 йил 12 март куни Париж шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев ва Франция Президенти Эммануэль Макрон томонидан Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларациянинг қабул қилиниши икки давлат муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Р. Ҳакимов меҳмонларга Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, хусусан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, гендер тенгликни мустаҳкамлаш, ёшлар сиёсати ва ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, 2023 йилги конституциявий ислоҳотлар натижасида парламент ваколатлари кенгайгани ва парламент назорати механизмлари янада кучайтирилгани таъкидланди.

Ўз навбатида, К. Эрвье самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора ортиб бораётганини юқори баҳолади. У Ўзбекистон халқини мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этиб, юртимизга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва тараққиёт тилади. Унинг қайд этишича, Ўзбекистон бугунги кунда халқаро мулоқот ва конструктив ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим майдонлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.

Музокаралар чоғида икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликнинг амалий натижалари иқтисодий соҳада ҳам яққол намоён бўлаётгани қайд этилди. Жумладан, 2025 йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми илк бор 1,4 миллиард АҚШ долларига етди. Франция компаниялари иштирокидаги қўшма инвестиция лойиҳалари портфели эса 12 миллиард евродан ошган.

Шунингдек, Ўзбекистон – Франция университетининг ташкил этилиши, маданий меросни ўрганиш ва асраб-авайлаш соҳасидаги ҳамкорлик, жумладан, Лувр музейида Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазманинг ўтказилиши гуманитар алоқаларнинг ҳам изчил кенгайиб бораётганидан далолат беради.

Бундай кенг қамровли муносабатлар шароитида парламентлараро мулоқот стратегик шерикликни қонунчилик ва институционал жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг муҳим механизми ҳисобланиши қайд этилди. Давлат раҳбарлари томонидан эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлашда парламентларнинг қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва парламент дипломатияси соҳаларидаги ҳамкорлиги алоҳида аҳамият касб этади.

Ўзбекистон ва Франция парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, уни мунтазам ва амалий мазмун билан бойитиш муҳим вазифа сифатида белгиланди. Хусусан, парламент қўмиталари ва фракциялари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотларни кенгайтириш, дўстлик гуруҳлари фаолиятини фаоллаштириш, ўзаро ташрифларни кўпайтириш, экспертлар иштирокида қўшма муҳокамалар ва давра суҳбатларини ташкил этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Айниқса, инвестиция ва тадбиркорликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, энергетика ва “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш, таълим ва инновациялар, маданий меросни асраш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш каби устувор йўналишларда қонунчилик тажрибасини ўрганиш ва алмашиш парламентлараро ҳамкорликнинг амалий самарадорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича парламентлараро мулоқотни кучайтириш, халқаро парламент ташкилотлари доирасида ўзаро ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.

Учрашув якунида парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш, дўстлик гуруҳлари фаолиятини фаоллаштириш ва ўзаро тажриба алмашинувини изчил давом эттиришга келишиб олинди.