Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг III йиғилишида иштирок этиш учун Фарғона вилоятига келган Россия ҳудудлари делегациялари Марғилон шаҳридаги «Narimteks» МЧЖ тикувчилик корхонасига ташриф буюрди.
Меҳмонларга Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамроҳлик қилди.
Компания 2008 йилдан буён фаолият юритиб, аёллар кийимларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Айни пайтда корхонада 250 киши меҳнат қилмоқда.
«Narimteks»да ишлаб чиқариш жараёнлари замонавий талабларни инобатга олган ҳолда такомиллаштириб борилмоқда. Корхонада Европа технологиялари, шунингдек, маҳсулотларни бичиш, пардозлаш ва тикишнинг замонавий усуллари қўлланилмоқда.
Компания ассортименти 50 дан ортиқ турдаги маҳсулотнинг қарийб 7 минг моделини ўз ичига олади. Корхона кўйлаклар, костюмлар, нимчалар, пальто ва курткалар ишлаб чиқаради.
Маҳсулотларни ишлаб чиқишда замонавий дизайнерлик ечимлари ва фасонлар инобатга олинади. «Narimteks» кийимлари нафақат ички бозорда сотилмоқда, балки Россия, Қозоғистон ва Тожикистонга ҳам экспорт қилинмоқда.
Ташриф давомида Россия вакиллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш жараёни, қўлланилаётган технологиялар ҳамда тайёр маҳсулот намуналари билан танишди.
Томонлар алоҳида эътиборни экспорт ҳажмини ошириш, маҳсулотларни янги бозорларга олиб чиқиш ҳамда енгил саноат соҳасида Фарғона вилояти ва Россия ҳудудлари ўртасидаги кооперацияни ривожлантириш истиқболларига қаратди.