Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон давлат органлари вакиллари Жанубий Корея Республикасининг махсус иқтисодий зоналарни ривожлантириш ва бошқариш бўйича тажрибасини ўрганди.
Ўқув ташрифи 20–23 сентябрь кунлари Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ташаббуси билан Корея Республикасининг «Электрон Осиё ва билимлар соҳасидаги ҳамкорлик» жамғармаси (EAKPF) кўмагида ташкил этилди.
Ўзбекистон делегацияси таркибида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг раҳбар ходимлари иштирок этди.
Ташриф доирасида иштирокчилар халқаро семинарда, Инчхон эркин иқтисодий зонаси ва бошқа махсус иқтисодий зоналарда бўлди. Делегация уларни ривожлантириш, иш фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш бўйича Корея ёндашувлари билан танишди.
Иқтисодий зоналарни модернизация қилиш ва уларнинг ҳудудларни ривожлантиришдаги ролига алоҳида эътибор қаратилди.
Корея Республикаси давлат органлари вакиллари ҳамда академик ҳамжамият экспертлари билан учрашувлар давомида томонлар давлат молиясини бошқаришни такомиллаштириш ва Ўзбекистоннинг институционал салоҳиятини ривожлантириш масалаларини ҳам муҳокама қилди.
Ўқув ташрифи Ўзбекистон давлат органлари вакилларига Жанубий Корея Республикасининг махсус иқтисодий зоналарни бошқариш ва давлат бошқарувининг улар билан боғлиқ йўналишларидаги амалий ёндашувлари билан танишиш имконини берди.