Ўзбекистон

«Қамчиқ» довонида йўловчидан гиёҳванд моддалар аниқланди

«Қамчиқ» довонида йўловчидан гиёҳванд моддалар аниқланди
«Қамчиқ» довонида йўловчидан гиёҳванд моддалар аниқланди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Қамчиқ» довонида ЙПХ ходимлари Nexia-2 автомашинаси йўловчисидан гиёҳвандлик воситаси бўлиши мумкин бўлган моддаларни аниқлади. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.

19 сентябрь куни соат 09:55 да «Қамчиқ» довонидаги ЙПХ отрядининг «Наманган» пости ходимлари «Водий — Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган автомашинани тўхтатди.

Текширув вақтида 2004 йилда туғилган, Н.У. фуқаронинг хатти-ҳаракатлари ЙПХ ходимларида шубҳа уйғотди.

Холислар ва гувоҳлар иштирокида ўтказилган шахсий кўрик давомида йўловчининг оғиз бўшлиғидан келиб чиқиши гиёҳвандликка оид бўлиши мумкин бўлган моддалар аниқланди.

Целлофан ўрамга ўткир ҳидли, жигарранг рангдаги, гашишга ўхшаш модда, шунингдек, оқ рангли кукунсимон, мефедронга ўхшаш модда ўралгани аниқланди.

Ҳолат бўйича материаллар белгиланган тартибда расмийлаштирилди. Аниқланган моддалар ва автомашинада бўлган фуқаролар кейинги текширув ишларини олиб бориш учун Поп тумани ички ишлар бўлимига топширилди.

Автомобиль йўлларида назорат ва текширув тадбирлари давом эттирилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.