Маданият

Бойсун дўпписи географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилди

Бойсун дўпписи географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилди
Бойсун дўпписи географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилди / Фото: iqmena.livejournal.com.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Бойсун дўпписи» географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилди. Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида қадимдан тайёрлаб келинаётган думалоқ шаклдаги миллий бош кийим анъанавий «пилтадўзи» каштачилик усулида бажарилган безаклари билан ажралиб туради.

Маҳсулотнинг ўзига хос хусусиятлари унда қўлланиладиган каштачилик усули, геометрик нақшлар, ёрқин ранглар уйғунлиги ҳамда тайёрлашнинг анъанавий усуллари билан боғлиқ. Бойсун дўпписини безашда «чилхол», «чаёнгул», «қўчқоршохи», «арча» ва «кўзача» нақшларидан фойдаланилади.

Географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши «Бойсун дўпписи» номини ҳамда унинг Бойсун тумани ҳудуди билан боғлиқ хусусиятларини ҳуқуқий муҳофаза қилишни таъминлайди.

Рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, маҳсулотнинг анъанавий хусусиятлари ва уни тайёрлаш усулларини сақлаб қолишга қаратилган бўлиб, Бойсун ҳунармандлари маҳсулотларини ички ва халқаро бозорларда илгари суриш учун ҳуқуқий асос яратади.

Географик кўрсаткич интеллектуал мулк объекти ҳисобланади ҳамда товар сифати, обрўси ёки бошқа хусусиятларининг муайян географик ҳудуд билан боғлиқлигини тасдиқлайди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.