Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 15 сентябрь куни Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Акрам Алиев Дания Ташқи ишлар вазирлигининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Ларс Туэсэн билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларига, жумладан, яшил энергетика, фармацевтика, рақамли технологиялар, машинасозлик, сув хўжалиги ва логистика соҳаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида томонлар аниқ қўшма ташаббусларни илгари суриш бўйича амалий ишларни давом эттириш ҳамда Ўзбекистон–Дания ишбилармонлик шериклигини янада мустаҳкамлашга тайёр эканини тасдиқлади.