Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистондаги автомобиль ёқилғи қуйиш шохобчалари (АЁҚШ) август ойида ёқилғи сотувидан 3,69 трлн сўм тушум олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хабар берди.
Ой давомида АЁҚШларнинг ўртача кунлик тушуми 119,1 млрд сўмни ташкил этди. Кунлар кесимида кўрсаткич ўзгариб турган бўлсада, ой давомида умумий динамика барқарор сақланди.
Август ойида ёқилғи қуйиш шохобчаларида жами 18 116 296 та транзакция амалга оширилди. Бир суткада АЁҚШларда ўртача 584 396 та операция қайд этилган.
Ўртача кунлик тушум таркибида асосий улуш оддий банк карталари орқали тўловларга тўғри келди — 91,2 фоиз ёки 108,6 млрд сўм.
Яна 6,6 фоиз, яъни 7,8 млрд сўм миқдоридаги тушум моментал карталар ҳиссасига, 2,2 фоиз ёки 2,7 млрд сўм эса ёқилғи карталари ҳиссасига тўғри келди.