Ўзбекистон

Мирзиёев Абдулла Авлоний номидаги давлат мукофотини таъсис этишни таклиф қилди

Мирзиёев Абдулла Авлоний номидаги давлат мукофотини таъсис этишни таклиф қилди
Мирзиёев Абдулла Авлоний номидаги давлат мукофотини таъсис этишни таклиф қилди / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида “Янги Ўзбекистон” университетида устоз ва мураббийлар билан учрашув ўтказди. Давлатимиз раҳбари мазкур даргоҳ таълим тизимига янгича руҳ ва мазмун олиб киришини таъкидлаб, барча педагогларни касб байрами билан табриклади.

– Ўқитувчи – меҳр дарёси, ўқитувчи – эзгулик булоғи, ўқитувчи – маърифат қуёши! Устозлар бугун ёшлар қалбига қадаётган маърифат ва эзгулик уруғининг ҳосилидан эртага бутун жамият баҳраманд бўлади,– деди Президентимиз.

Мамлакатимиз етакчиси буюк аждодларимиз камолоти ортида ҳам уларга сабоқ берган муаллимлар турганини ёдга олди. Имом Бухорий, Беруний, Амир Темур ва Алишер Навоий каби сиймоларни етиштирган устозларни “одамийлик боғининг боғбонлари” деб атади.

Давлатимиз раҳбари умрини ёшлар камолотига бағишлаган барча устоз ва мураббийларга юксак ҳурмат ва миннатдорлик билдирди.

Учрашувда дунёда билим яратиш, ахборот тарқатиш ва меҳнат қилиш усуллари шиддат билан ўзгараётгани қайд этилди. Сунъий интеллект матн тайёрлаши, дастур ёзиши ва маълумотни таҳлил қилиши мумкин. Лекин ҳеч бир технология боланинг қалбига устоздек йўл топиб, унга Ватанга муҳаббат ва масъулият туйғусини сингдира олмайди.

Президентимиз таълим ва илм-фан фидойиларининг бир гуруҳини давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонни имзолаганини маълум қилди. Улар орасида педагоглар билан бирга таълим ривожига ҳисса қўшаётган тадбиркорлар ва хорижлик ҳамкорлар ҳам бор. Учрашувда мукофотлар ўз эгаларига топширилди.

Давлатимиз раҳбари мукофот соҳибларини табриклар экан, “Ишонинг, мен уларни кўксингизга тақиб, сизлардан ҳам кўпроқ хурсанд бўляпман”,– деди.

Шунингдек, таълимнинг барча бўғинларидаги илғор педагогларни рағбатлантириш учун жадид бобомиз Абдулла Авлоний номидаги алоҳида давлат мукофотини таъсис этиш таклиф қилинди. Унинг илк соҳибларини келаси йилги байрам арафасида эълон қилиш ва тақдирлаш кўзда тутилмоқда.

– Таълимни ривожлантириш Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг энг муҳим бўғинидир,– деди Президентимиз.

Ўн йилда 1 миллион 800 минг ўринли боғчалар ва 1,5 миллион ўринли мактаблар барпо этилди, 10 мингдан зиёд боғча ва мактаб замонавий кўринишга келтирилди.

Давлатимиз раҳбари таълимда бинолар ва шароит билан бирга, энг аввало, мазмун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

“Биз болаларимизни пахта даласидан мактаб партасига, ўқитувчиларни таълим жараёнига қайтардик”,– деди у ислоҳотларнинг энг катта натижаси ҳақида тўхталиб.

Ҳар бир бола ўқиши, изланиши, камол топиши ва катта орзулар билан яшаши керак. Бу орзулар рўёбга чиқиши учун эса энг яхши дарсликлар, кучли ва малакали ўқитувчилар зарур.

– Биз бугун болага нимани берсак, эртага унинг натижасини мамлакат келажагида кўрамиз, – деди Президентимиз.

Президентимиз янги авлод дарсликларини яратиш ишлари 2018 йилда бошланганини эслади. Унга тажрибали мутахассислар, муаллифлар, олимлар, педагоглар ва хусусий компаниялар жалб қилинди. Китобларни яратишда Финляндия ва Цингапур каби давлатларнинг тажрибаси ўрганилди. Фақат шу йилнинг ўзида 324 та дарслик янгиланди. Уларни тайёрлашда 400 нафардан зиёд мутахассис меҳнат қилди.

Давлатимиз раҳбари бу ишга билими ва кучини бағишлаган ҳар бир инсонга миннатдорлик билдирди.

Янги авлод дарсликлари миллий қадриятлар билан бирга болаларда Ватанга муҳаббат, табиатни асраш ва сувни тежаш туйғусини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Улар рақамли технологиялар, молиявий саводхонлик ва келажак касбларига қизиқишни, мустақил ва танқидий фикрлаш кўникмаларини ҳам ривожлантиради.

Президентимиз бу китоблар ўқитувчиларни ўз устида ишлашга ундагани, педагогика олийгоҳларини ўқув дастурларини халқаро талабларга мослаштиришга ҳаракатлантирганини таъкидлади. 2030 йилга қадар 8-11-синфлар учун дарсликларни янгилаш ишлари ҳам охирига етказилади.

– Мақсадимиз аниқ – ҳар бир ўқув йили болага кейинги босқич учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилсин! Битирувчи мактабни ҳаётга тайёр, ўз билимига, ўз кучига ишонган ҳолда тамомласин!– деди давлатимиз раҳбари.

“Энг аввало, фарзандларимизга, уларнинг истеъдоди, қобилияти, келажагига ишонаман!”.

Президентимиз болалар энг яхши таълим, энг яхши шароит ва энг яхши келажакка муносиб эканини алоҳида таъкидлади.

Таълим ислоҳотларининг натижалари халқаро баҳолаш ва ўқувчилар ютуқларида ҳам кўринаётгани айтилди. «МEЛҚО» тадқиқотида мактабгача таълим тизими юқори баҳоланди. ПИСА рейтингида 15 ёшли ўқувчилар табиий фанлар бўйича 32 поғона юқорилаб, дунёда 48-ўринни эгаллади.

Жорий йилнинг ўзида истеъдодли ёшлар нуфузли олимпиадаларда 228 та медаль – 38 та олтин, 82 та кумуш ва 108 та бронзани қўлга киритди. Ўзбекистон илк бор мезбонлик қилган халқаро кимё ва информатика олимпиадаларида ўқувчиларимиз яна 8 та медалга сазовор бўлди.

Мактаб пайтидаёқ хорижий тил ва фан сертификатига эга бўлган ўқувчилар сони 100 мингга етди. Ушбу кўрсаткич 2,5 баробар кўпайган. Бу йил қарийб 5 минг битирувчи олийгоҳга киришда энг юқори баллни тўплади.

Президентимиз мазкур натижаларни устозлар меҳнати, янгиланган таълим мазмуни ва ёшларга яратилаётган имкониятлар билан боғлади.

Муаллимнинг қадри ва обрўсини юксалтириш натижасида соҳага кўплаб малакали педагоглар кириб келди. Халқаро ва миллий сертификатга эга ўқитувчилар сони беш йилда 29 мингдан 143 мингга ошди, мактабларда ўқитувчи етишмаслиги уч баробар камайди. ПИСА таҳлилида бу кўрсаткич Ўзбекистонда 8 фоиз, ўрганилган 91 давлатда ўртача 40 фоиз экани келтирилган.

Ҳозир 40 минг муаллим 1 минг доллардан, яна 1,5 минг нафари 2 минг доллардан юқори маош олмоқда. Замонавий методикани жорий қилаётган, олимпиада ғолибларини тайёрлаётган устозларнинг меҳнати рағбатлантирилмоқда.

Янги форматда ўтказилган “Йил ўқитувчиси” танловининг 208 нафар туман ва шаҳар ғолибига илк бор 616 миллион сўмдан мукофот берилди. Президентимиз бундай эътироф янада кўпроқ муаллимларни юксак марраларга интилишга ундашини таъкидлади.

Келаси йилдан танловни 14 та ҳудуддаги боғча тарбиячилари ва техникум усталари ўртасида ҳам ўтказиш, уларни мукофотлаш таклиф қилинди.

Президентимиз маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Мактаб – тараққиётнинг бошланғичи, маданият ва саодатнинг дарвозасидир” деган сўзларини ёдга олди. Ўғил-қизларимиз учун бу дарвозани янада кенг очиш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш Учинчи Ренессанс ғоясининг ўзагидир.

Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожланар экан, янги касблар пайдо бўлмоқда, мавжуд касблар ҳам бошқа кўникмаларни талаб қилмоқда. Шу боис, мактаб битирувчиси катта ҳаётга тил ва касбни эгалламасдан чиқмаслиги керак.

– Болани мактабдан касб, тил ўргатмасдан чиқариш – унинг келажагига бепарволик эмасми? – деди Президентимиз.

Директорлар ўқувчилар қайси тил ва касбни ўрганаётгани, битирганда қандай ҳунарга эга бўлиши ҳақида жиддий ўйлаши зарурлиги қайд этилди.

Мактаб раҳбарларига зарур ваколатлар берилади, ҳамкорликка тайёр тадбиркорларга шароит яратилади. Ёшларни мактабданоқ касбга тайёрлаш ва таълим босқичлари узвийлигини таъминлаш учун комиссия тузилади; уч ой ичида янги ечимлар эълон қилинади.

Иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш учун болалар математика, физика, кимё ва биологияни мактабданоқ чуқур ўзлаштириши зарур. Шу мақсадда синфда 25 нафардан ортиқ ўқувчи бўлса, ушбу фанлар икки гуруҳга бўлиб ўқитилади.

Фундаментал фанлар ўқитувчилари учун рағбатнинг янги тизими жорий этилади. Миллий сертификатга эга педагогларга 50 фоиз устама тўланади, ҳар йили 208 та туман ва шаҳарнинг лидер ўқитувчиларига 30 миллион сўмдан мукофот берилади. Яна 1 минг ўқитувчи хорижда стажировка ўтайди.

Камида 15 йиллик стажга эга педагогларнинг фарзандларига олийгоҳ контракти учун фоизсиз кредит ажратилади. Хорижий ва миллий сертификат олган муаллимларнинг имтиҳон харажатлари тўлиқ қопланади.

Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Менделеев номидаги халқаро ва минтақавий олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган педагоглар тўғридан-тўғри олий тоифа олади. Президентимиз ушбу ташаббуслар қарийб 100 минг ўқитувчига муносиб рағбат бўлишига ишонч билдирди.

Бошланғич синф ўқувчилари учун ҳам фан олимпиадалари йўлга қўйилади. Келаси йилдан 4-синфлар олимпиадасининг туман босқичида ғолиб бўлган болалар компьютер олади. Уларнинг устозларига туман босқичи учун 10 миллион, вилоят учун 50 миллион, республика учун 100 миллион сўм мукофот берилади.

Янги ўқув йилидан 100 та мактабнинг биттадан синфида математика, информатика ва табиий фанлар тўлиқ инглиз тилида ўқитилади. Лойиҳага жалб этилган ўқитувчилар ҳамда мактабга тайёрлов гуруҳи педагогларининг маошига 100 фоиз устама қўшилади.

– Энди ўрта таълимда “сифат индекси” жорий этилади, – деди Президентимиз.

Мактаблар педагогик жамоанинг салоҳияти ҳамда ўқувчиларнинг таълим ва тарбиядаги натижаларига қараб тоифаларга ажратилади.

Илғор мактаб бошқа мактабларга ўз тажрибасини ўргатиб, уларни юқори тоифага олиб чиқса, унинг педагогик жамоаси 30 фоиз устама олади.

– Замон ўзгаряпти. Болаларнинг қизиқиши, дунёқараши, ахборот олиш хусусияти ҳам ўзгаряпти. Кеча самара берган дарс усули бугун етарли бўлмаслиги мумкин. Шу сабаб муаллимнинг мунтазам ўқиши ва ўз устида ишлаши зарур,– деди Президентимиз ўқитувчиларнинг малакаси ҳақида.

Педагоглар учун пойтахт ёки вилоят марказига бориб, бир ойлик курсда мажбурий ўқиш талаби бекор қилинади. Унинг ўрнига касбий ривожланиш ваучерлари жорий этилади.

Муаллим тоифа синовидаги натижасига қараб, 18 соатдан 72 соатгача таълим олиш имконига эга бўлади. Курсни ва малака ошириш жойини ўзи танлайди.

Давлатимиз раҳбари бу ўзгариш малака оширишни расмиятчиликдан амалий эҳтиёжга айлантириши кераклигини таъкидлади.

Жорий йил 1-синфга 800 минг бола қабул қилинди – ўтган йилгига нисбатан 10 фоиз кўп. 2030 йилга бориб, уларнинг сони 1 миллионга етиши кутилмоқда. Ҳар йили инвестиция дастурлари ҳисобидан 180-200 минг ўқувчи ўрни яратилмоқда.

Президентимиз ўқув юкламаси юқори бўлган 52 та туманда хусусий мактаблар очишни қўллаб-қувватлашнинг янги молиявий механизмларини эълон қилди. Ушбу ҳудудларда мактаб ташкил этиш учун 7 йиллик 10 фоизли имтиёзли кредит, очиш ва жиҳозлаш харажатининг 15 фоизигача, кўпи билан 1,5 миллиард сўм субсидия берилади. Биносини мактабга ижарага берганлар ер ва мулк солиғидан имтиёз олади.

Барча туманларда бўш давлат бинолари хусусий мактаб очиш учун 10 йилга бепул ижарага берилади. Халқаро аккредитациядан ўтиш харажатининг ярми қопланади.

Фарзанди хусусий мактабда ўқийдиган ота-оналар учун солиқ олинмайдиган даромад чегараси 3 миллиондан 6 миллион сўмга оширилади. Бу оилаларга йилига 6-7 миллион сўм тежаш имконини беради; солиқ идоралари тўловларни ҳар ой якунида автоматик қайтариш тизимини йўлга қўяди.

Икки йилда инклюзив муҳит яратилган мактаблар сони 729 тадан 3 минг 591 тага, яъни қарийб беш баробарга ошди.

– Бугун тенгдошлари қаторида тўлақонли муҳитда таълим олаётган алоҳида эҳтиёжга эга 10 минг боланинг қувончини сўз билан таърифлаб бўладими? – деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари алоҳида ғамхўрликка муҳтож фарзандлар доимий эътиборда бўлишини таъкидлади.

Яқинда Тошкент шаҳрида кўп функционал инклюзив ресурс мактаби иш бошлади. У ерда кўриш, эшитиш ёки ҳаракатланишида нуқсони бўлган, шунингдек, руҳий ривожланишда қўшимча ёрдамга муҳтож болалар соғлом тенгдошлари билан бир муҳитда ўқиб, тарбия олади.

Бундай мактаблар йил охиригача Хоразм, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида, келгуси икки йилда эса барча ҳудудларда очилади.

– Боғча боланинг қобилияти кашф этиладиган, зеҳни очиладиган масканга айланиши зарур, – деди Президентимиз.

Италия, Буюк Британия, Германия, Цингапур ва Хитой тажрибаси асосида миллий қадриятларимизга мос дастур ишлаб чиқилди. 180 минг тарбиячи ва педагог янги методика бўйича ўқитилмоқда.

Ўйин орқали таълим беришга қаратилган дастур ҳозир боғчаларнинг 30 фоизида амал қилади. Йил якунига қадар у 38 мингдан ортиқ боғчанинг барчасига жорий этилади.

Тошкентда УНEССО шафелигида Болаларни эрта ёшдан таълимга жалб қилиш минтақавий маркази ва Италиянинг Режжио Эмилия маркази иш бошлади. Улар халқаро стандартлар ва инновацион ечимларни жорий этиш, ўйин орқали таълим бўйича амалий қўлланмалар тайёрлашга хизмат қилади.

Ҳар йили 50 нафар илғор тарбиячи хорижда стажировка ўтайди, барча боғчалар учун 100 та видеоконтент тайёрланади. Уч йиллик дастур асосида давлат боғчалари электрон доска, компьютер ва рангли принтер билан жиҳозланади.

– Аёллар ишли бўлса, оилага қўшимча даромад киради, болаларнинг билим олишига кўпроқ шароит яратилади, – деди Президентимиз.

Шу боис, келаси йил 1 январдан 2-3 ёшли фарзандини оилавий боғчага берган ишли оналарнинг бадал пули буджет ҳисобидан қопланади.

Боғча тарбиячиларига ишлаб туриб олий маълумот олиш имкони яратилган. Жорий йил уларнинг 7 минг нафари олийгоҳга кирди: ҳафтада беш кун ишлаб, бир кун ўқимоқда.

Келаси ўқув йилидан тарбиячилар учун педагогика олийгоҳларидаги ўқиш муддати тўрт йилдан уч йилга қисқаради.

Боғчада камида беш йил ишлаган тарбиячи ёрдамчилари ҳам бу имкониятдан фойдаланиши мумкин.

Президентимиз касбий таълимга тўхталар экан, “Ҳунар – ҳунардан ризқинг унар”, деган нақлни келтирди. Сўнгги икки йилда 104 та техникумга Германия, Буюк Британия, Швейтсария ва Хитойнинг халқаро дастурлари олиб кирилди. 25 минг корхона билан ҳамкорлик натижасида 100 мингдан зиёд ёш ўқиш баробарида даромад топиш имконига эга бўлди.

Шу йилдан дуал таълимда касб ўрганаётган ёшларга 1 миллион 300 минг сўмгача стипендия тўланмоқда. Бу йил 9-синфни битирган 220 минг ўқувчи техникумга жалб қилинди.

Халқаро дастурлар босқичма-босқич барча техникумларга жорий этилади. Бунинг учун усталарни тайёрлаш ва рағбатлантириш ҳам кучайтирилади: келаси йилдан халқаро касб сертификатига эга устага 50 фоиз устама тўланиб, сертификат харажати тўлиқ қопланади.

Ҳар йили 500 нафар техникум устаси Германия, Швейтсария, Туркия ва Хитой каби давлатларда стажировка ўтайди.

Илк бор ўтказилган “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касб танловида 170 минг ўқувчи иштирок этди. Ғолибларни тайёрлаган 120 нафар устага 40 миллион сўмгача мукофот берилди. Президентимиз танловни ҳар йили ўтказиш, энг муносиб ўқувчилар ва усталарни 2028 йили Токиодаги касблар бўйича жаҳон чемпионатига тайёрлаш вазифасини қўйди.

Бундан буён минтақавий ва халқаро касб танлови ғолибини тайёрлаган устага 100 миллион сўм, жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақа ғолибини тайёрлаган устозга 200 миллион сўм мукофот берилади.

Хусусий техникум ташкил этадиган тадбиркорлар солиқ имтиёзи ва ер нархидан чегирма олади. Келаси ўқув йилидан саноат, сервис ва инфратузилма каби муҳим соҳаларга кадр тайёрлайдиган хусусий техникум ўқувчиларининг 50 фоизига давлат гранти ажратилади.

Халқаро дастур ва франшиза олиб келиш харажатининг 75 фоизи қопланади. Ўқув лабораториялари ва жиҳозларини олиб кириш божхона тўловларидан озод қилинади.

Олий таълим имкониятларининг кенгайиши натижасида талабалар сони 1 миллион 600 мингга етди. Еттита олийгоҳимиз 17 та фан бўйича нуфузли халқаро рейтингларга кирди. Университетларга академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик берилди.

Шу билан бирга, Президентимиз ректорлар олдига кескин савол қўйди: “Олийгоҳдаги дарсликларнинг мазмуни бугунги кун талабига қанчалик мос?”. Давлатимиз раҳбари бу саволга ҳозирча ижобий жавоб йўқлигини таъкидлади.

Йигирма иккита муҳандислик олийгоҳи бирлашиб, муаллифлар жамоаларини тузиши, хорижлик ҳамкорлар билан ишлаши, ҳар йили 25-30 та янги ўқув адабиётини яратиши ёки илғор китобларни таржима қилиб, мослаштириши мумкин.

Трансплантология, робот хирургияси, кам инвазив жарроҳлик ва биомуҳандислик жадал ривожланмоқда. Ўн битта тиббиёт олийгоҳи ҳам шу йўналишлар учун замонавий адабиётлар тайёрлашни кечиктирмаслиги керак. Олийгоҳлар таълим сифати ва мутахассислар малакасида ҳали кескин ўзгариши зарур.

Президентимиз ректорлар олий таълим сифати, мазмуни ва натижаси учун шахсан масъулият олиши шартлигини таъкидлади. Бундан буён давлат университетлари кузатув кенгашлари аъзоларининг учдан икки қисми хусусий сектор ва хорижий олийгоҳлар вакилларидан иборат бўлади. Кенгаш аъзолари ва жалб этилган экспертларга ҳақ тўлаш йўлга қўйилади.

Кузатув кенгашлари мутахассисликлар ва ўқув дастурларини меҳнат бозори талабига мослаб, тўлиқ қайта кўриб чиқади. Хорижий адабиётлар муаллифлари билан ҳамкорликда ҳар йили камида 50 та дарслик яратади.

Битирув ишлари ва диссертациялар иқтисодиёт тармоқларидаги амалий муаммолар ечимига йўналтирилади. Профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли талабалар иштирокида креатив клублар тузилиб, хусусий сектор эҳтиёжига мос илмий ишланмалар кўпайтирилади.

Давлатимиз раҳбари университет мустақиллиги таълим сифати, илм-фан ва иш берувчилар билан ҳамкорликда аниқ натижа бериши кераклигини қайд этди.

Олийгоҳлар халқаро тан олинадиган, илғор стандартларга асосланган миллий таълим дастурларини ишлаб чиқишга ўтади. ИНҲА ва Архитектура университетлари Британия стандарти асосида шундай дастурларни йўлга қўйиб, талабаларга ўқишни бир нечта хорижий олийгоҳда давом эттириш имконини яратди.

Мазкур тажриба ёшларга халқаро талабга жавоб берадиган билим, малака ва диплом бераётгани таъкидланди. Келаси йилдан яна 20 та олийгоҳда шундай ёндашув жорий этилади.

Президентимиз ушбу университетлар ректорларидан дунёқарашни ўзгартириш, бошқарув тизимини ҳозирдан мослаштириш ва халқаро дастурлар билан ишлайдиган алоҳида тузилмалар ташкил қилишни талаб қилди.

Мақсад – хорижий стандартларни миллий таълим мазмуни билан уйғунлаштириб, талабага жаҳонда тан олинадиган тайёргарлик бериш.

Президентимиз олийгоҳларда дуал таълимни янгича ёндашув асосида йўлга қўйиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Келаси йилдан “корхона – олийгоҳ – мақсадли кадр” тизими 75 та олий таълим муассасасида, 2028 йилдан барча олийгоҳларда амал қилади.

Иш берувчи ўзига керак номзодни ўқитиш бўйича олийгоҳга буюртма беради; номзод тестсиз, суҳбат асосида қабул қилинади. Ишга олинган талабага тўланган маошнинг ярмини давлат қоплайди.

Корхона томонидан бириктирилган устозга олийгоҳ педагоглар ойлигига тенг миқдорда қўшимча ҳақ тўлайди. Корхона олийгоҳ ёки талаба яшайдиган жойдан узоқ бўлса, ижара харажати қопланади. Ўқиш ва ишда яхши натижа кўрсатган талабалар иккинчи курсдан давлат грантига ўтади.

Ректорлар дуал таълим бўлимларини очади, ўқув ишлари бўйича проректорлар асосий вақтини шу йўналишга ажратади. Тизимни намунали ташкил қилган учта энг яхши олий таълим муассасаси ва ҳамкор корхонанинг ҳар бири 1 миллиарддан 3 миллиард сўмгача мукофот олади. Олийгоҳга берилган мукофотнинг ярми бу ишга ҳисса қўшган педагогларни рағбатлантиришга сарфланади.

Бугун мамлакатимизда 32 та хорижий олий таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Президентимиз энди дунёнинг энг кучли 300 университети филиалларини ташкил этиш асосий вазифа бўлишини таъкидлади.

Нуфузли университетлар франшизасини олиб келган хусусий олийгоҳларнинг лаборатория ва жиҳозларга сарфлаган маблағи, шунингдек, бренд учун тўловининг 50 фоизигача қисми қопланади. Кампус қуриш харажатининг 30 фоизигача компенсация қилинади, сармоя қайтишини таъминлашга хизмат қиладиган давлат гранти ўринлари ажратилади.

Муҳандислик, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, сунъий интеллект ҳамда тиббиёт каби иқтисодиёт учун муҳим соҳаларга устувор аҳамият берилади.

Давлатимиз раҳбари педагоглар билан мулоқот қилиб, уларнинг таклиф ва ташаббусларни эшитди.

Учрашув якунида Президентимиз “Устозни эъзозлаш – бир касб эгасини эмас, бутун бир миллат келажагини эъзозлашдир”, – деди ҳамда педагогларга шогирдлари ютуғи, ота-оналар дуоси ва эл-юрт ҳурмати ҳамиша ҳамроҳ бўлишини тилаб, Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклади.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.