Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғонада Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг III йиғилиши бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат ҳукуматлари вакиллари, ҳудудлар раҳбарлари, вазирлик ва идоралар, ишбилармон доиралар ҳамда расмий делегациялар иштирок этди.
Йиғилиш давомида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев Кенгаш иштирокчиларига Президент Шавкат Мирзиёевнинг табригини ўқиб эшиттирди. Россия Ҳукумати раиси биринчи ўринбосари Денис Мантуров Россия Президенти Владимир Путиннинг табригини етказди.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров икки давлат раҳбарлари ўртасидаги сиёсий мулоқот ва ишонч туфайли Ўзбекистон–Россия муносабатлари стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига етганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Фарғона вилоятида Россия капитали иштирокидаги 114 та корхона фаолият юритмоқда. 2025 йилда вилоятнинг Россия билан товар айланмаси 809 миллион долларга етди, Фарғона маҳсулотларининг Россия бозорига экспорти эса қарийб 40 фоизга ошди.
Вилоятнинг инвестиция салоҳияти ҳақида сўз юритар экан, Бозоров Фарғона вилояти халқаро Fitch Ratings ва S&P Global Ratings агентликларидан рейтинг баҳоларини олганини қайд этди.
Илгари сурилган ташаббуслар қаторида саноат кооперациясини кенгайтириш ва янги қўшма инвестиция лойиҳаларини шакллантириш, Фарғонада рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида қўшма майдон ташкил этиш, шунингдек, икки мамлакат ҳудудларини боғлайдиган агрологистика марказлари тармоғини ривожлантириш таклиф этилди.
Томонлар, шунингдек, туристик дастурларни ривожлантириш, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кўриб чиқди. Хусусан, 2027 йилда Россияда Фарғона вилояти ва мамлакатнинг бошқа ҳудудлари иштирокида Ўзбекистон кунларини ўтказиш таклиф этилди.
Хайрулло Бозоров ҳар бир йирик ҳудудлараро келишув бўйича аниқ лойиҳалар, масъул ижрочилар, амалга ошириш муддатлари ва кутилаётган натижалар кўрсатилган қўшма йўл хариталарини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Йиғилиш иштирокчилари савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни, саноат кооперациясини, шунингдек, таълим, инновациялар, рақамли технологиялар, туризм ҳамда маданий-гуманитар муносабатлар соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Бизнес вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ҳамда эришилган ҳудудлараро келишувларни аниқ лойиҳаларга айлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш якунлари бўйича ҳамкорликка оид ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди. Хусусан, Хайрулло Бозоров ва Омск вилояти губернатори Виталий Хоценко саноат соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни алмашди.