Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бухоро ҳокимлиги шаҳарнинг тарихий қисмида йўловчиларни ташиш учун мўлжалланмаган транспорт воситалари ҳаракатини тартибга солиш тўғрисидаги қарорга изоҳ берди. Бунга «GOLF CAR BUKHARA» саҳифасида ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеомурожаат сабаб бўлди.
Шаҳар маъмурияти маълум қилишича, чекловлар, аввало, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва Бухоронинг тарихий-маданий меросини асраб-авайлаш зарурати билан боғлиқ.
Ҳокимлик маълумотларига кўра, қарор тегишли ташкилотларнинг таклиф ва хулосалари асосида қабул қилинган. Маъмурият қарор айрим фуқаролар ёки тадбиркорларнинг фаолиятини чеклашга қаратилмаганини, балки шаҳарнинг тарихий қисми ҳудудида тартиб, хавфсизлик ва қонунчилик талабларига риоя этишни таъминлаш билан боғлиқлигини таъкидлади.
Мурожаат тарқалганидан сўнг ҳокимликда қабул қилинган қарордан норози бўлган 30 нафардан ортиқ фуқаро иштирокида очиқ учрашув ўтказилди.
Маъмурият вакиллари уларнинг мурожаатларини тинглаб, учрашув иштирокчиларининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини, шунингдек, чекловлар билан боғлиқ муаммоларни ўрганди.
Муҳокама якунларига кўра, бир қатор чоралар белгиланди. Шаҳарнинг тарихий қисмида тегишли йўл белгилари ўрнатилиши режалаштирилмоқда. Бошқа ҳудудларда эса велосипедлар ва электросамокатлар учун махсус зоналар ташкил этиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, аввал мазкур фаолият билан шуғулланган фуқароларга муқобил иш билан таъминланиш вариантларини кўриб чиқиш таклиф этилди.
Ҳокимликда мазкур чораларни амалга оширишда фуқароларнинг қонуний манфаатлари, уларнинг бандлиги ва фаровонлиги билан боғлиқ масалаларни, шунингдек, Бухаронинг тарихий қиёфасини сақлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва маҳаллий аҳоли ҳамда сайёҳлар учун қулай шароит яратиш заруратини ҳисобга олиш режалаштирилаётгани таъкидланди.
Шаҳар маъмурияти мазкур масала бўйича кейинги ишлар фуқаролар билан мулоқот ва ҳамкорлик асосида давом эттирилишини маълум қилди.