Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон спортчилари Японияда ўтказилаётган Aichi-Nagoya 2026 Пара Осиё ўйинларида яна саккизта медаль — иккита олтин, тўртта кумуш ва иккита бронза медалини қўлга киритди.
Ўзбекистонлик паралимпиячи аёллар иккала олтин медални ядро улоқтириш мусобақасида қўлга киритиб, рекордлар ҳам ўрнатди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси хабар берди.
Аёллар ўртасида пара енгил атлетика бўйича F40 тоифасида ўтказилган мусобақада Мадина Мухторова ядрони 9,10 метрга улоқтириб, Осиё рекордини ўрнатди ва чемпионликни қўлга киритди.
Ўзбекистоннинг яна бир вакили Фароғат Муҳаммадқулова 7,54 метр натижа билан бронза медалига сазовор бўлди. Кумуш медаль Бирлашган Араб Амирликлари спортчисига насиб этди.
F41 тоифасида ўзбекистонлик спортчилар дастлабки икки ўринни эгаллади. Наврўза Аҳматова 10,02 метр натижа кўрсатиб, Пара Осиё ўйинлари рекордини ўрнатди ва олтин медални қўлга киритди. Кубаро Ҳакимова эса 9,71 метр натижа билан кумуш медаль соҳиби бўлди. Бронза медали Хитой вакилига насиб этди.
Енгил атлетика бўйича эркаклар ўртасидаги мусобақаларда ҳам Ўзбекистон терма жамоаси яна иккита медаль олди. T47 тоифасида баландликка сакраш баҳсларида Муҳаммадабдуллоҳ Турсунжонов 1,94 метр баландликни забт этиб, кумуш медални қўлга киритди. T36 тоифасида 100 метрга югуришда эса Достон Қаҳҳоров 11,88 сония натижа билан маррага учинчи бўлиб етиб келди.
Пара сузиш бўйича Сардор Бахтиёров кумуш медаль олди. S7 тоифасида эркин услубда 100 метрга сузиш финалида у 1 дақиқа 4,91 сония натижа кўрсатиб, иккинчи ўринни эгаллади.
Пара таэквондо бўйича эркаклар ўртасида 63 килограммгача бўлган вазн тоифасида Қудратжон Ҳайдаров финалгача етиб борди. Ҳал қилувчи баҳсда у мўғулистонлик спортчига 1:2 ҳисобида мағлуб бўлиб, кумуш медаль соҳиби бўлди.