7
Ўзбекистон

Ўзбекистонда 4973 та лифтнинг фойдаланиш муддати тугаган

Ўзбекистонда 4973 та лифтнинг фойдаланиш муддати тугаган
Ўзбекистонда 4973 та лифтнинг фойдаланиш муддати тугаган / Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 4973 та лифтнинг фойдаланиш муддати тугаган. 2030 йилгача мамлакатда 4953 та лифтни таъмирлаш ва янгилаш режалаштирилган. Бу ҳақда 13 октябрь куни Қонунчилик палатасидаги «Ҳукумат соати»да қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов маълум қилди.

Масалани Халқ демократик партиясидан сайланган депутат Зокиржон Зоҳидов кўтарди. У кўп квартирали уйлар аҳолиси, жумладан, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг лифтлар тез-тез бузилиши ҳамда йўловчилар кабина ичида қамалиб қолиши ҳолатлари юзасидан шикоятларига эътибор қаратди.

Депутат, шунингдек, рақамли назорат тизими жорий этилганига қарамай, ушбу муаммолар сақланиб қолаётгани сабаблари ва ускуналарни янгилаш муддатлари билан қизиқди.

Вазирнинг сўзларига кўра, лифтлар носозлигининг сабабларидан бири техник хизмат кўрсатишнинг етарли эмаслиги ва профилактик таъмирлаш ишларининг ўз вақтида амалга оширилмаслигидир.

2021–2026 йилларда мамлакатда бюджет маблағлари ҳисобидан 3274 та лифт янгиланди ва яна 71 таси таъмирланди. Бундан ташқари, Президентнинг 2026 йил 16 февралдаги фармонида 2030 йилгача 4953 та лифтни босқичма-босқич янгилаш ва таъмирлаш назарда тутилган. Ҳидоятовнинг маълум қилишича, ушбу дастурни молиялаштириш учун маблағ ажратилган.

Шу билан бирга, вазир фойдаланиш муддати тугаган лифтларнинг қанчаси ҳануз ишлатилаётгани ва амалга оширилган ишлар кўрсаткичлари модернизация бўйича янги дастур режаларига қай даражада мос келишига аниқлик киритмади.

Ўзбекистонда ускуналар ҳолатини назорат қилиш учун 7201 та бинодаги 19 740 та лифт ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган электрон база яратилган. Тизимда алоҳида равишда фойдаланилаётган 18 489 та лифт ва уларга хизмат кўрсатувчи 93 та ташкилот рўйхатга олинган.

2025 йил 1 майдан бошлаб масофавий мониторинг учун мўлжалланган ягона идоралараро Xavfsiz lift электрон платформаси ишламоқда.

Ушбу платформа лифтлар хавфсизлиги, сертификатлаш, техник хизмат кўрсатиш ва ускуналарни қабул қилиш талабларига риоя этилишини назорат қилишни назарда тутади. Текширувларга қурилиш назорати, саноат хавфсизлиги ва техник жиҳатдан тартибга солиш органлари жалб қилинган.

Ҳидоятовнинг тушунтиришича, қурувчилар лифтнинг хавфсизлик талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларни юклаши, хизмат кўрсатувчи ташкилот билан шартнома тузиши, ишлайдиган алоқа ва видеокузатув тизимини таъминлаши, шунингдек, ускунани диспетчерлик марказига улаши шарт.

Вазирнинг таъкидлашича, ушбу шартлар бажарилмаса, платформа лифтни қабул қилмайди ва турар жой биносини фойдаланишга қабул қилишга рухсат берилмайди.

2025 йил июль ойида ҳукумат лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартибини ҳам тасдиқлаган. Унга кўра, лифтлар йилига камида бир марта мажбурий текширувдан ўтказилиши керак.

Ҳужжатга мувофиқ, ускуналарнинг ҳолатига қараб улар турли ранглар билан белгиланади: фойдаланишга яроқли лифтлар яшил, хавф туғдирадиганлари эса қизил ранг билан белгиланади. Тартибда инспекторларга нисбатан малака талаблари ҳам белгиланган.

Ҳидоятов лифтларнинг хавфсиз ишлашини таъминлаш учун уларни мунтазам назорат қилиш ва ўз вақтида техник хизмат кўрсатиш зарурлигини таъкидлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.