Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев 2026 йил 17 октябрь куни Бағдод шаҳрида Ироқ ташқи ишлар вазири ўринбосари Муҳаммад Ҳусайн Муҳаммад Баҳрул Улум билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Музокаралар Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 52-сессияси доирасида бўлиб ўтди.
Томонлар сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди. Икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашди. Улар ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлаш ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича позицияларни мувофиқлаштириш муҳимлигини таъкидлади.