Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистондан борган чорвадорлар делегацияси Хитойдаги замонавий Линъу сутчилик кластерининг фаолияти билан танишди.
Сафар Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабар берди.
Ташриф давомида фермерлар наслчилик базасида қўлланиладиган биотехнологиялар, юқори маҳсулдор қорамолларни кўпайтириш усуллари ва сутни қайта ишлашдаги замонавий ечимлар билан танишдилар.
Линъу наслчилик базасида чорва молларининг генетик салоҳиятини яхшилаш ва юқори маҳсулдор зотларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун тухум ҳужайраларини олиш (OPU), лаборатория шароитида уруғлантириш (IVF) ва эмбрион кўчириш технологиялари қўлланилади.
Ушбу усуллар наслчилик ишларини такомиллаштириш ва қимматли генетик хусусиятларга эга ҳайвонлар сонини кўпайтириш имконини беради.
Кластер ҳудудида «Индустрия 4.0» тамойилларига асосланган автоматлаштирилган ишлаб чиқариш тизимлари ҳам жорий этилган. Жумладан, бу ерда Хитойнинг Mengniu Group компанияси каби йирик ишлаб чиқарувчиларга тегишли замонавий сутни қайта ишлаш корхоналари фаолият юритмоқда.
Бундай корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнлари хомашёни қабул қилишдан тортиб, тайёр маҳсулотни қадоқлашгача тўлиқ автоматлаштирилган.
Ўзбекистонлик фермерлар учун ўрганилган тажриба чорвачиликда биотехнологияларни қўллаш, чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш, сутчилик хўжаликларини бошқаришнинг замонавий тизимларини жорий этиш ва сутни қайта ишлаш жараёнларини такомиллаштириш нуқтаи назаридан қизиқиш уйғотади.
Савдо-саноат палатасида таъкидланишича, замонавий сутчилик кластерларини ривожлантириш илмий ютуқлар, илғор биотехнологиялар ва қайта ишлаш саноатини интеграция қилишни назарда тутади. Хитой тажрибасини ўрганиш Ўзбекистонда чорвачилик ва сут саноатини модернизация қилишга ёрдам бериши мумкин.