7
Иқтисод

Ўзбекистон Норвегия меҳнат бозори учун пайвандчилар тайёрлашни ўрганмоқда

Ўзбекистон Норвегия меҳнат бозори учун пайвандчилар тайёрлашни ўрганмоқда
Ўзбекистон Норвегия меҳнат бозори учун пайвандчилар тайёрлашни ўрганмоқда / Фото: Видеодан кадр.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Норвегия ва бошқа Скандинавия мамлакатларида ишга жойлаштириш мақсадида пайвандчилар тайёрлаш дастурини йўлга қўйиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Норвегия меҳнат бозорида бундай мутахассисларга бўлган эҳтиёж 4–5 минг нафарга баҳоланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миграция агентлиги хабар берди.

Бу масалалар 2026 йил 12 ноябрь куни Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмоновнинг норвегиялик эксперт Эрик Энг билан видеоконференция шаклидаги мулоқоти давомида муҳокама қилинди.

Энгнинг баҳолашича, умуман Европа меҳнат бозорида қарийб 30 минг нафар пайвандчига эҳтиёж мавжуд. Музокараларда халқаро талаблар асосида мутахассислар тайёрлаш ва уларни уюшган ҳолда ишга жойлаштириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон томони техникумлардан бири негизида ихтисослаштирилган дастур очишни таклиф қилди. Таълимни Норвегиянинг ўқитиш методикалари ва замонавий ускуналаридан фойдаланган ҳолда ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Дастлабки босқичда 10–20 нафар ўқитувчини тайёрлаш ва сертификатлаш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, улар учун Норвегиядаги ишлаб чиқариш объектларида бир-икки ҳафталик амалий стажировка ташкил этиш таклиф қилинди.

Кейинчалик тайёргарликдан ўтган ўқитувчилар пайвандчиларни бевосита Ўзбекистонда ўқитишлари мумкин бўлади.

Эрик Энг ISO сертификатининг мавжудлиги ўз-ўзидан мутахассиснинг юқори технологик соҳаларда ишлашга тайёрлигини тасдиқламаслигини таъкидлади. Денгиздаги нефть-газ объектлари, шамол энергетикаси корхоналари ва бошқа ишлаб чиқариш соҳаларида ишлаш учун саноат хавфсизлиги ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича чуқур билим талаб этилади.

Бундан ташқари, пайвандчилар махсус технологик жараёнларни ҳам ўзлаштирган бўлиши керак. Ушбу талабларни келгусидаги ўқув дастурига киритиш таклиф этилмоқда.

Норвегиялик эксперт ўқитувчилар ва пайвандчиларни тайёрлаш бўйича икки босқичдан иборат дастлабки ўқув дастурини ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирди. Бу ишга тегишли соҳа мутахассисларини жалб этиш режалаштирилмоқда.

Томонлар Европа касбий таълим марказлари билан ҳамкорлик қилиш ва қўшма таълим лойиҳаларида иштирок этиш имкониятларини ҳам кўриб чиқди. Хусусан, Erasmus+ дастури механизмларидан фойдаланиш масаласи муҳокама қилинди.

Эрик Энг Руминия, Венгрия, Испания, Германия, Словения ва Хорватиядаги таълим ташкилотлари билан касбий алоқалари борлигини маълум қилди. Ушбу алоқалардан қўшма ташаббуслар истиқболларини ўрганишда фойдаланиш мумкин.

Айни пайтда дастурни молиялаштириш манбалари ва уни амалга оширишнинг аниқ шартлари ҳали келишилмаган.

Томонлар, шунингдек, норвегиялик экспертнинг 2026 йил 30 ноябрь куни Тошкентга эҳтимолий ташрифини муҳокама қилди. Сафар давомида техникумларнинг моддий-техник базаси билан танишиш, ўқув дастурларини муҳокама қилиш ва амалий машғулотлар ўтказиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, ҳамширалик иши, балиқчилик саноати ва электротехника соҳаларида норвегиялик мутахассислар билан ҳамкорлик истиқболларини ўрганиш таклиф этилди.

Таълим дастурининг параметрлари, молиялаштириш манбалари ва ишга жойлаштириш механизмлари кейинги музокаралар давомида белгиланади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.