7
Ўзбекистон

Тошкентда йўловчини ҳақорат қилган икки эркак қамоққа олинди

Тошкентда йўловчини ҳақорат қилган икки эркак қамоққа олинди
Тошкентда йўловчини ҳақорат қилган икки эркак қамоққа олинди / Фото: Видеодан олинган кадр.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда метро бекатидаги можародан сўнг бир йигитни ҳақорат қилган икки эркак уч суткага маъмурий қамоққа ҳукм қилинди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, А. исмли фуқаро метро вагонида бир йигит унга жой бермаганидан сўнг у билан оғзаки жанжаллашиб қолган.

Бироқ можаро метро ҳудудидан ташқарида ҳам давом этган. А. йигитнинг ортидан Чилонзор туманидаги умумий овқатланиш шохобчаларидан биригача борган.

ИИБ маълумотига кўра, жамоат жойида бўлган эркак жабрланувчини ҳақорат қилишда давом этган ва умумэътироф этилган хулқ-атвор қоидаларини бузган. У содир бўлаётган воқеаларни кўзойнагига ўрнатилган камера орқали тасвирга олган.

Кейинроқ А. видеёзувни Instagram’даги саҳифасига жойлаштирган.

Жабрланувчининг айтишича, у нотаниш шахсларнинг бундай хатти-ҳаракатларига нима сабаб бўлганини тушунмаган. Унинг сўзларига кўра, ўша куни унинг тасвири туширилган видеолавҳа розилигисиз ижтимоий тармоққа жойлаштирилган.

Қоидабузарлардан бири видеони эълон қилишдан мақсад контент ва лайклар тўплаш бўлганини тушунтирди. У содир бўлган воқеа учун узр сўради.

Можаронинг иккинчи иштирокчиси ҳам қилмишидан пушаймонлигини билдирди.

Чилонзор тумани жиноят ишлари бўйича суди ҳар икки эркакни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган майда безорилик содир этганликда айбдор деб топди. Уларнинг ҳар бирига уч сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.