Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Венгриянинг EGIS фармацевтика компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда агентлик хабар берди.
Музокаралар 2026 йил 18 ноябрь куни бўлиб ўтди. Томонлар Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқди.
Хусусан, EGIS компанияси фаолиятини Ўзбекистон бозорида ривожлантириш истиқболлари, инвестицияларни жалб қилиш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув иштирокчилари дори воситалари ишлаб чиқариш, замонавий технологияларни жорий этиш ва фармацевтика маҳсулотлари турларини кенгайтириш бўйича ҳам фикр алмашди. Компаниянинг халқаро тажрибасини қўллаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
EGIS Марказий ва Шарқий Европадаги йирик фармацевтика ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланади. Компания маҳсулотлари дунёнинг 105 та мамлакатида тақдим этилган бўлиб, унинг портфели 656 турдаги дори воситаларини ўз ичига олади.
2024/2025 молиявий йил якунларига кўра, EGIS компаниясининг савдо ҳажми 773,3 миллион еврони ташкил этди. Компания илмий тадқиқотлар ва ишланмаларга 56,6 миллион евро йўналтирди.