Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — IT Park Uzbekistan Бухарест шаҳрида бўлиб ўтган GoTech World 2026 халқаро кўргазмасида мамлакатнинг технологик салоҳиятини намойиш этди ҳамда Руминиянинг тўртта компанияси билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда IT Park Uzbekistan хабар берди.
Кўргазма доирасида Европа технологик ҳамжамияти вакилларига Ўзбекистоннинг IT экотизими, халқаро аутсорсинг имкониятлари ҳамда мамлакатда бизнесни ривожлантириш шарт-шароитлари ҳақида маълумот берилди.
GoTech World Европа технологик компаниялари, соҳа мутахассислари ва бизнес вакилларини бирлаштиради. Кўргазманинг асосий йўналишлари рақамли трансформация, дастурий таъминот ишлаб чиқиш, сунъий интеллект ва инновацион технологияларни қамраб олади.
Конференциянинг махсус сессияси доирасида IT Park Uzbekistan Руминия компаниялари учун тақдимот ўтказди. Унда ушбу компанияларнинг Ўзбекистонда ўз бизнесини кенгайтириш истиқболларига эътибор қаратилди.
Иштирокчиларга мамлакатнинг рақобатбардош устунликлари, солиқ имтиёзлари, кадрлар салоҳияти ва IT Park резидентларини қўллаб-қувватлашнинг амалдаги механизмлари тақдим этилди.
Ташриф давомида IT Park Uzbekistan вакиллари EASYDO Digital Technologies, Infraweb MSP, 112HUB ва IT Teams компаниялари билан ҳам учрашди.
Томонлар Ўзбекистонда дастурий таъминот ишлаб чиқиш марказлари ва муҳандислик бўлинмаларини очиш имкониятларини муҳокама қилди. Музокаралар кун тартибидан, шунингдек, BPO хизматларини ривожлантириш, маҳаллий IT компанияларининг халқаро лойиҳаларда иштирок этиши ҳамда энергетика секторида рақамли ечимларни жорий қилиш масалалари ўрин олди.
Руминия бизнеси вакиллари Ўзбекистоннинг кадрлар ресурслари, бизнес юритиш шарт-шароитлари ва IT хизматлари экспортини ошириш имкониятларига қизиқиш билдирди.
Музокаралар якунлари бўйича бир қатор компаниялар бўлажак Outsource to Uzbekistan (OOT) тадбирида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюриш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Эҳтимолий ташриф дастуридан маҳаллий ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш ва бизнесни ривожлантириш имкониятларини ўрганиш ҳам ўрин олиши мумкин.