7
Ўзбекистон

Ўзбекистон COP31 доирасида 8,3 млн долларлик лойиҳалар бўйича келишувларга эришди

Ўзбекистон COP31 доирасида 8,3 млн долларлик лойиҳалар бўйича келишувларга эришди
Ўзбекистон COP31 доирасида 8,3 млн долларлик лойиҳалар бўйича келишувларга эришди / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон халқаро ташкилотлар ва молия институтлари билан яшил иқтисодиёт ва иқлимни молиялаштириш соҳаларида умумий қиймати 8,3 млн доллар ва 5,5 млн еврога тенг лойиҳаларни муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Музокаралар 9–20 ноябрь кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси томонларининг 31-конференцияси (COP31) доирасида ўтказилди. Вазирлик делегацияси халқаро ташкилотлар ва молия институтлари вакиллари билан учрашувлар ташкил этди.

БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) ва Миллий энергия самарадорлиги агентлиги билан қиймати 1,4 млн доллар бўлган лойиҳа муҳокама қилинди. У атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи субсидияларни қайта йўналтириш, жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш, шунингдек, яшил инвестициялар ва молиялаштириш механизмларини ривожлантиришни назарда тутади.

Томонлар интеграциялашган бюджетлаштиришни жорий этиш масалаларини ҳам кўриб чиқди. Музокаралар якунида ушбу йўналишлардаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича уч томонлама ҳужжат алмашилди.

Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан умумий қиймати 5,5 млн евро бўлган лойиҳалар муҳокама қилинди.

Ушбу лойиҳалар ҳудудларнинг мастер-режаларини ишлаб чиқиш, экологик тоза бизнес амалиётини жорий этиш ҳамда энергия ва ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича пилот лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутади. Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик ҳужжатларини алмашди.

Яна бир қиймати 1 млн доллар бўлган лойиҳа Яшил ўсиш глобал институти (GGGI), Кореянинг Green New Deal Trust Fund (KGNDTF) жамғармаси ва Миллий энергия самарадорлиги агентлиги билан муҳокама қилинди. Лойиҳанинг мақсади Ўзбекистон саноатида энергия тежаш салоҳиятини баҳолаш ҳамда иқлимга таъсирни камайтиришга қаратилган иқтисодий жиҳатдан асосланган минтақавий лойиҳаларни тайёрлашдан иборат.

Бундан ташқари, Франция тараққиёт агентлиги (AFD) ва Expertise France ташкилоти билан қиймати 400 минг доллар бўлган «Яшаш учун қулай ва самарали шаҳарлар» лойиҳаси муҳокама қилинди. У шаҳар инфратузилмасини барқарор ривожлантиришга қаратилган. Музокаралар якунида томонлар дастурни қўллаб-қувватлаш бўйича уч томонлама ҳужжатларни алмашди.

Сингапур вакиллари билан ҳам алоҳида учрашув бўлиб ўтди. Унда Париж битимининг 6.2-моддаси доирасидаги ҳамкорлик, халқаро углерод бозори механизмларини жорий этиш ҳамда Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги ҳуқуқий ва институционал асосларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар халқаро углерод бирликлари савдосида иштирок этиш, тажриба алмашиш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.