Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 12 октябрь куни «Транспорт-логистика тизимини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-368-сон қарорни имзолади.
Ҳужжатда 2026–2030 йилларга мўлжалланган соҳа мақсадли кўрсаткичлари белгиланган. Жумладан, барча талабларга жавоб берадиган халқаро қуруқ портлар сонини 24 тадан 30 тага етказиш кўзда тутилган. Транспорт-логистика марказларига солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилади.
2030 йилга келиб транспорт-логистика марказларининг йиллик қуввати камида 40 миллион тоннани ташкил этиши керак. Транспорт ва логистика хизматлари экспортини 3,5 миллиард долларга, Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит юк ташиш ҳажмини эса 18,5 миллион тоннага етказиш режалаштирилган.
Давлат чегарасидаги ўтказиш пунктларининг юклар бўйича ўтказиш қуввати ҳамда логистика марказларининг контейнерларга ишлов бериш имкониятлари икки баравар оширилиши лозим.
Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри, Бухоро вилоятининг Олот тумани, Сурхондарё вилоятининг Термиз тумани, шунингдек, Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Оҳангарон туманлари транспорт-логистика соҳасига ихтисослаштирилади.
Транспорт-логистика марказларида терминалларни бошқариш тизимлари (TOS) ва омборларни бошқариш тизимлари (WMS) жорий этилади. 2030 йил охирига қадар улар Транспорт вазирлигининг «E-logistika» платформасига уланади.
2040 йилгача транспорт-логистика марказлари ер солиғи ва мол-мулк солиғидан тўлиқ озод этилади. Бунинг учун марказ Осиё ва Тинч океани учун Иқтисодий ва ижтимоий комиссиянинг (ЭСКАТО) Қуруқ портлар тўғрисидаги ҳукуматлараро битимига киритилган бўлиши, TOS ва WMS тизимларини жорий этган бўлиши ҳамда «E-logistika» платформасида «BB» ёки ундан юқори рейтингга эга бўлиши керак.
Транспорт-логистика марказлари реестрига киритилган марказлар 2029 йил 1 августга қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган омбор ускуналари, юклаш-тушириш техникаси, агрегатлар ва эҳтиёт қисмларни олиб киришда божхона божи ҳамда мажбурий сертификатлашдан озод этилади.
2026 йил 1 ноябрдан халқаро курьерлик жўнатмаларини расмийлаштириш учун ундириладиган божхона йиғими ставкаси 20 фоизга камайтирилади.
Бундан ташқари, 2027 йил 31 декабрга қадар M2, M3 ва N тоифаларига мансуб транспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналар республикада ишлаб чиқарилмайдиган бутловчи қисмларни божхона божисиз олиб киришлари мумкин бўлади.