Иқтисод

Россия делегациялари Фарғона вилояти салоҳияти билан танишди

Россия делегациялари Фарғона вилояти салоҳияти билан танишди
Россия делегациялари Фарғона вилояти салоҳияти билан танишди / Фото: Фарғона вилояти ҳокимияти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятида 5–6 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳудудлар кенгашининг III мажлиси доирасида тадбирлар бошланди.

Россиядан ташриф буюрган делегациялар ҳудуднинг саноат, инвестиция, аграр ва туристик салоҳияти билан танишмоқда.

Иштирокчилардан бир гуруҳини Фарғона халқаро аэропортида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров давлат ташкилотлари вакиллари билан биргаликда кутиб олди.

Россия делегациялари таркибидан Новосибирск вилояти губернатори Андрей Травников, Красноярск ўлкаси губернатори Михаил Котюков, Россиянинг бошқа ҳудудлари раҳбарлари ва вакиллари, вазирлик ва идоралар, тармоқ ташкилотлари, савдо-саноат палаталари ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари ўрин олди.

Ташрифнинг биринчи объекти Қувасой шаҳридаги «Қўқон» эркин иқтисодий зонаси филиали ҳудудида жойлашган «Crown Ceramic» қўшма корхонаси бўлди.

Меҳмонларга керамогранит плиталар ишлаб чиқариш жараёни, замонавий технологик линиялар ва корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари намойиш этилди. Лойиҳа йилига 8 млн квадрат метргача керамогранит ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Ишлаб чиқариш қувватлари йилига 1 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, 665 млрд сўм қўшилган қиймат яратиш ва 35 млн АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилиш имконини беради.

Ишлаб чиқаришда маҳаллий хомашёнинг улуши 97 фоизга етади. Корхона экспортга йўналтирилган йирик форматдаги керамогранитларни олти хил ўлчамда ишлаб чиқаради. Маҳсулотлар қўшни давлатларга етказиб берилади.

Россия делегациялари, шунингдек, Қувасой шаҳридаги «Кварц» АЖга ташриф буюрди. У ҳудуддаги йирик саноат корхоналаридан бири бўлиб, листли ва рангли шиша ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

1975 йилда фойдаланишга топширилган корхона иккита флоат линиясига эга. Европа ускуналари билан жиҳозланган биринчи линия суткасига 200 тонна маҳсулот ва йилига 10 млн квадрат метргача шиша ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Суткасига 400 тонна қувватга эга иккинчи линия эса силлиқланган шиша ишлаб чиқаради, унинг лойиҳавий қуввати йилига 22 млн квадрат метрни ташкил этади.

Корхонада шаффоф, оч яшил, жигарранг, кулранг ва қора рангли шиша ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, индивидуал буюртмалар асосида шиша бутилка ва банкалар ҳам тайёрланади. «Кварц» маҳсулотлари ички бозорда сотилади ва хорижга экспорт қилинади.

Қува туманида делегациялар «Quva Agro Star» МЧЖ агрокомплекси фаолияти билан танишди. Бу ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан тортиб, уларни сақлаш, саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт қилишгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш цикли яратилган.

3,5 гектар майдонни эгаллаган мажмуа йилига 12 турдаги 5 минг тоннагача маҳсулот етиштириш ва тайёрлаш имкониятига эга.

Бу ерда in vitro лабораторияси ва кўчатхона фаолият юритади. Улар ҳар йили 1 млндан ортиқ кўчат етиштириш имконини беради. Ҳудудда Агросаноат мактаби ҳам ташкил этилган бўлиб, унда фермерлар ва аҳолига боғдорчиликнинг замонавий технологиялари ўргатилади.

Совуткич мажмуаси 3,5 минг тонна маҳсулотни сақлашга мўлжалланган. Замонавий саралаш, қадоқлаш ва IQF шокли музлатиш линиялари Италия ва Испания технологияларидан фойдаланган ҳолда жиҳозланган.

«Quva Agro Star» маҳсулотлари Япония ва Буюк Британияга етказиб берилади. 2025 йилда корхона биринчи марта маҳсулотларни чартер авиарейслари орқали Япония ва Жанубий Кореяга ҳам экспорт қилишни бошлади. Корхонада 80 дан ортиқ киши меҳнат қилади.

Ташрифнинг яна бир объекти Қува туманидаги «Каркидон» сув омбори ҳудудида жойлашган туристик мажмуа бўлди. Лойиҳа ҳудудни экологик, агро ва экстремал туризм маркази сифатида ривожлантиришни назарда тутади.

Мажмуа 508 гектар майдонни эгаллаган. Бу ерда 45 та шале, 57 та меҳмон уйи, агротуризм мажмуаси, гулзор, лаванда далалари, экологик бозор, дам олиш ҳудудлари ва ресторанлар ташкил этилган. Лойиҳанинг кейинги босқичларини амалга ошириш ишлари давом этмоқда.

Лойиҳа доирасида 100 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти ва қарийб 2 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган. Мажмуа йилига 750 минг нафаргача сайёҳни қабул қилиши кутилмоқда.

Шунингдек, фаол ва экстремал туризмни ривожлантириш ҳам кўзда тутилган. Мотокросс майдонлари, картинг, канат йўли ва гольф майдони ташкил этилмоқда.

Ташрифлар давомида Россия делегацияларига амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, корхоналарнинг ишлаб чиқариш имкониятлари, маҳаллийлаштириш даражаси, экспорт салоҳияти ва ҳудудни ривожлантириш истиқболлари ҳақида маълумот берилди.

Ўзбекистон ва Россия ҳудудлар кенгашининг III мажлиси асосий тадбирларини «Фарғона Экспо» халқаро кўргазмалар мажмуаси ва IT Parkда ўтказиш режалаштирилган.

Мажлис иштирокчилари тўғридан-тўғри ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш, ишбилармон доиралар ва тармоқ ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда саноат кооперациясини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилади.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.