Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —Президент Шавкат Мирзиёев электр энергетикасини ривожлантириш истиқболлари ва ёқилғи-энергетика тармоғидаги лойиҳаларни бошқариш механизмларини такомиллаштиришга оид тақдимот билан танишди.
Энергетика тизими иқтисодий ўсиш, инвестиция фаоллиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Сўнгги йилларда соҳага хусусий сектор ва хорижий инвесторлар кенг жалб қилиниб, янги генерация қувватларини барпо этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва тармоқларни модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилди. Бу борадаги ислоҳотлар натижасида қуёш ва шамол электр станцияларининг умумий қуввати 6,3 гигаваттдан ошди. Гидроэлектр станциялар сони 100 тадан ортиб, уларнинг умумий қуввати 2,5 гигаваттга яқинлашди. Қайта тикланувчи энергия манбалари кенгайиши ҳисобига ҳар йили катта миқдорда табиий газ тежалмоқда.
2030 йилга бориб, мамлакат иқтисодиёти ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган, аҳоли сони эса 41 миллиондан ортиши кутилмоқда. Саноатнинг ўзида электр энергияси истеъмоли 2030 йилгача 38 миллиард киловатт-соатдан 53,5 миллиард киловатт-соатгача ўсиши прогноз қилинмоқда. Электромобиллар ва дата-марказлар ривожланиши ҳам тизимга қўшимча юклама беради.
Шу боис, генерация қувватларини талабдан олдин ривожлантириш, электр тармоқларининг ўтказувчанлигини ошириш ва етарли захира қувватларини шакллантириш зарурлиги қайд этилди.
Режага кўра, 2030 йилга бориб, мамлакатдаги генерация қувватлари 46,1 гигаваттга етказилиб, йилига қарийб 129 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. 2035 йилда эса қувватларни 57,2 гигаваттга, йиллик генерацияни 154,7 миллиард киловатт-соатга етказиш кўзда тутилган.
Тақдимотда электр энергияси истеъмолининг турли ўсиш сценарийлари ҳам кўриб чиқилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, истеъмол мўътадил ўсганда 2030 йилгача генерация ва талаб ўртасида етарли мувозанат сақланади. Бироқ иқтисодиёт, саноат, электр транспорт ва рақамли инфратузилма тез суръатларда ривожланган тақдирда қўшимча генерация қувватларига эҳтиёж пайдо бўлади.
Давлатимиз раҳбари энергетика соҳасидаги режалар иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилиши, тизимда доимо етарли захира қуввати бўлиши шартлигини таъкидлади.
Шундан келиб чиқиб, қўшимча шамол электр станциялари ва энергия сақлаш тизимларини барпо этиш, амалга оширилаётган қуёш ва шамол энергетикаси лойиҳаларини жадаллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Айни пайтда иқтисодий самарадорлиги паст, молиялаштириш манбаси аниқ бўлмаган ёки узоқ вақтдан буён кечикаётган айрим лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди. Янги қувватларни танлашда фақат уларнинг ҳажми эмас, балки электр энергияси таннархи, тармоққа уланиш имконияти, энергия сақлаш тизимлари билан уйғунлиги ва умумий энергобалансга таъсири асосий мезон бўлиши белгиланди.
Қайта тикланувчи энергия манбалари улуши ортиб борган сари энергия сақлаш тизимларининг аҳамияти ҳам ошмоқда.
Бундай тизимлар кундузи қуёш ва шамол станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини тўплаб, уни кечки юқори юклама вақтида тармоққа узатиш имконини беради. Бу анъанавий электр станцияларида қўшимча газ ёқиш заруратини камайтириб, бутун тизим барқарорлигини оширади.
Ҳозир энергия сақлаш тизимлари бўйича умумий қуввати 4,2 гигаватт бўлган 26 та лойиҳа шакллантирилган. Улардан 17 таси амалга ошириш босқичида. 2030 йилгача айни йўналишда қўшимча янги лойиҳаларни шакллантириш таклиф қилинди.
Президентимиз генерация қувватларини кўпайтириш билан бирга уларни истеъмолчиларга етказиб берадиган магистрал тармоқ ва подстанцияларни ҳам олдиндан барпо этиш зарурлигини кўрсатиб ўтди.
2030 йилга қадар 9 та 220 киловольтли ва 7 та 500 киловольтли янги подстанция қуриш, қарийб 5 минг километр янги электр узатиш тармоқларини барпо этиш режалаштирилган. Бу янги электр станцияларини энерготизимга улаш, ҳудудлар ўртасида қувват алмашинувини кенгайтириш имконини беради.
Хусусан, 2027-2029 йилларда бир қатор стратегик 500 киловольтли электр узатиш тармоқлари ва янги подстанцияларни ишга тушириш кўзда тутилган. Тақдимотда уларнинг қурилиш ҳолати, молиялаштириш масалалари ва мавжуд кечикишларни бартараф этиш чоралари алоҳида кўриб чиқилди.
Қорақалпоғистонда қайта тикланувчи энергиянинг катта салоҳиятидан фойдаланган ҳолда рақамли иқтисодиёт учун янги инфратузилма яратиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Ҳудудда истиқболли шамол электр станцияларини 1 гигаватт қувватли дата-марказлар билан боғлаш, бунинг учун янги 220 киловольтли подстанция ва электр узатиш тармоқларини қуриш таклиф этилди. Мазкур инфратузилма янги дата-марказларни энерготизимга интеграция қилиш, юқори технологияли инвестицияларни жалб этиш ва ҳудуднинг мавжуд энергетик салоҳиятидан самарали фойдаланиш имконини беради.
Тақдимотда соҳадаги инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ва амалга ошириш тизимини тубдан ўзгартириш бўйича таклифларга алоҳида эътибор қаратилди.
Амалда кўп ҳолларда лойиҳа инвестор ташаббусидан бошланади. Ер майдони, тармоққа уланиш, техник шартлар, тариф ва инвестиция битимлари турли идоралар билан алоҳида келишилади. Бу эса жараёнларнинг чўзилиши, идоралар функцияларининг такрорланиши ва айрим лойиҳаларнинг тизим эҳтиёжи билан етарлича боғланмаслигига олиб келмоқда.
Шу боис, янги бошқарув модели таклиф қилинди.
Эндиликда энергетика лойиҳалари, энг аввало, иқтисодиёт, аҳоли ва ҳудудларнинг истиқболдаги эҳтиёжидан келиб чиқиб шакллантирилади. Аввал талаб аниқланади, кейин зарур генерация ва инфратузилма қувватлари режалаштирилади. Ер майдони, тармоққа уланиш нуқтаси ва техник ечимлари олдиндан тайёр бўлган лойиҳа шакллантирилиб, инвестор очиқ ва рақобатли танлов асосида аниқланади.
Бунда ҳар бир идоранинг вазифа ва жавобгарлиги аниқ белгиланади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги талаб прогнозини шакллантиради, Энергетика вазирлиги стратегик режалаштириш ва техник сиёсат учун жавоб беради, Энергетика бозори регулятори бозор муносабатлари ва тарифларни тартибга солади. Инвестициялар соҳасига масъул идоралар инвесторларни очиқ танлов асосида жалб қилади, маҳаллий ҳокимликлар эса ер ва зарур инфратузилма масалаларини ҳал этади.
Шунингдек, ҳудудлар ва тармоқлар кесимида энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжнинг аниқ прогнозини шакллантириш, шу асосда ҳар йили янгиланадиган уч йиллик инвестиция режаларини қабул қилиш таклиф этилди. Бу генерация қувватлари, электр тармоқлари ва зарур инфратузилмани ўзаро мувофиқ ҳолда олдиндан режалаштириш имконини беради.
Узоқ муддатли истиқболда эса 2050 йилгача ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаш концепциясини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Унда миллий ресурс салоҳияти, демографик ва иқтисодий ўсиш, энергия самарадорлиги, қайта тикланувчи ва атом энергетикасини ривожлантириш, шунингдек, энергетика хавфсизлигини таъминлаш масалалари комплекс ҳисобга олинади. Концепцияни ҳар беш йилда қайта кўриб чиқиш таклиф қилинди.
Давлатимиз раҳбари энергетикада ҳар бир янги лойиҳа иқтисодиёт ва аҳолининг узоқ муддатли эҳтиёжига хизмат қилиши, ишлаб чиқариш, тармоқ юкламаси ва истеъмол ўртасида доимий мувозанат таъминланиши кераклигини таъкидлади.
Мутасаддиларга амалга оширилаётган йирик лойиҳаларни белгиланган муддатларда ишга тушириш, кечикаётганлари бўйича инвесторлар билан аниқ чоралар кўриш, генерация қувватлари билан электр тармоқларини мутаносиб ривожлантириш, энергия сақлаш тизимларини кенгайтириш ҳамда соҳада янги режалаштириш ва бошқарув моделини жорий этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.