7
Иқтисод

Ўзбекистонда йирик шаҳарсозлик лойиҳалари учун имтиёзлар жорий этилади

Ўзбекистонда йирик шаҳарсозлик лойиҳалари учун имтиёзлар жорий этилади
Ўзбекистонда йирик шаҳарсозлик лойиҳалари учун имтиёзлар жорий этилади / Фото: Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда Янги Тошкент ва бошқа ҳудудларда йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун махсус ҳуқуқий режим жорий этилади. Инвесторларга солиқ имтиёзлари, жумладан, фойда солиғи ставкасини 1 фоизгача пасайтириш имконияти берилади.

Президентнинг тегишли ПФ-243-сон фармони 2026 йил 10 ноябрда қабул қилинди. Ҳужжат қиймати 50 миллион доллардан бошланадиган шаҳарсозлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва туристик салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган.

Шунингдек, йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги маъмурий тўсиқлар ва бюрократик ғовларни бартараф этиш ҳам белгиланган мақсадлар қаторига киради.

«Тартибга солиш қумдони» механизмини назарда тутувчи махсус ҳуқуқий режим фармонга илова билан белгиланган ҳудудларда амал қилади.

Бунда Янги Тошкент қурилиши дирекциясига берилган ваколатлар, ҳуқуқлар ва имтиёзлар бошқа махсус ҳудудларни ташкил этиш учун масъул дирекцияларга ҳам татбиқ этилади.

Хусусан, ушбу дирекциялар ҳудудларни ривожлантиришни режалаштириш ҳужжатларига қўйиладиган талабларни мустақил белгилаши ва тасдиқлаши, сотиладиган ер участкаларида барпо этиладиган объектларга нисбатан асосий талабларни белгилаши, шунингдек, ҳар бир лойиҳа учун алоҳида техник шартларни ўрнатиши мумкин бўлади.

Савдо-саноат палатаси тушунтиришига кўра, махсус режим доирасида шаҳарсозлик лойиҳаларини амалга ошираётган юридик шахслар объектларни ижарага бериш ва сотишдан олинган даромадлар бўйича 1 фоиз ставкада фойда солиғи тўлаши мумкин. Имтиёзли даврнинг давомийлиги тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажмига боғлиқ бўлади: 50 миллион доллардан бошланган инвестициялар учун беш йил, 100 миллион доллардан бошланган инвестициялар учун 10 йил, 500 миллион доллардан бошланган инвестициялар учун эса 15 йил.

Бундан ташқари, инвестициялар ҳажми 50 миллион доллардан кам бўлмаган шаҳарсозлик лойиҳалари доирасида фойдаланиладиган объектлар бўйича юридик шахслар 20 йил давомида мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод этилади.

Бундай лойиҳаларни амалга ошириш учун бош пудратчи ва бош лойиҳа ташкилоти томонидан Ўзбекистонда фаолият юритмайдиган хорижий жисмоний ва юридик шахслардан харид қилинадиган хизматлар қўшилган қиймат солиғидан озод этилади.

Шунингдек, 2040 йил 1 январга қадар шаҳарсозлик лойиҳалари доирасида инвесторлар томонидан олинган ва Ўзбекистон ҳудудида қайта инвестиция қилинган дивидендлар солиққа тортилмайди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.