Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Тожикистон шахмат федерациялари беш йил муддатга мўлжалланган ҳамкорлик меморандумини имзолади. Ҳужжат қўшма турнирлар ва ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш ҳамда болалар ва ўсмирлар шахматини ривожлантиришни назарда тутади. Бу ҳақда Ўзбекистон шахмат федерацияси хабар берди.
Меморандум 2026 йил 10 ноябрь куни Ўзбекистон шахмат федерацияси раисининг ўринбосари Комил Синдаров ва Тожикистон шахмат федерацияси президенти Зафар Мирзо томонидан имзоланди.
Келишув доирасида томонлар ҳар икки мамлакатда шахматни оммалаштиришга қаратилган қўшма лойиҳалар ва тадбирларни амалга оширишни, шахматчилар, мураббийлар ва ҳакамларнинг бир-бирларининг мусобақалари, ўқув-машғулот йиғинлари ҳамда семинарларида иштирок этишига кўмаклашишни режалаштирмоқда.
Шунингдек, ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари учун ҳам қўшма машғулот дастурларини ташкил этиш, икки томонлама ва халқаро турнирлар, матч учрашувлари ҳамда дўстлик мусобақаларини ўтказиш кўзда тутилган.
Ҳамкорликнинг алоҳида йўналишлари сифатида мураббийлик ва ҳакамлик фаолиятида тажриба алмашиш, маҳорат дарсларини ташкил этиш, иқтидорли ёш шахматчиларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, шахмат инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, ҳамкорлар ва ҳомийларни жалб қилиш белгиланган.
Меморандум беш йил муддатга тузилди.