Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Марказий Осиё ва Жанубий Кавказнинг етти давлати вакиллари иқлим ўзгариши шароитида аҳоли ҳаракатчанлиги бўйича «Ипак йўли» минтақавий декларациясини имзолади. Ҳужжат Ўзбекистон ташаббуси билан БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 31-конференцияси (COP31) доирасида имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Маросим Ўзбекистон павильонида иқлим ўзгариши шароитида аҳоли ҳаракатчанлиги масалаларига бағишланган юқори даражадаги тадбир доирасида бўлиб ўтди. Унда Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон вакиллари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ҳамда ривожланиш бўйича ҳамкорлар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон номидан Президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов қатнашди.
Декларация иқлим ўзгариши таъсирида юзага келадиган миграция ва аҳоли кўчиши соҳасида минтақавий мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда ҳаракатларни мувофиқлаштиришга қаратилган. Шунингдек, унда мамлакатларнинг миллий устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда, заиф қатламларни ҳимоя қилиш ва иқлим ўзгариши оқибатларига жавоб қайтариш бўйича умумий ёндашувларни ривожлантириш кўзда тутилган.
Иштирокчилар ҳароратнинг кўтарилиши, музликларнинг эриши, сув ресурслари тақчиллиги, чўлланиш, ерларнинг деградацияси ва экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг аҳоли даромад манбалари ҳамда миграция жараёнларига таъсирини муҳокама қилди.
Абдуҳакимов иқлим ўзгариши нафақат атроф-муҳит ҳолатига, балки инсонлар фаровонлиги, уларнинг иқтисодий имкониятлари ва ҳаракатчанлигига ҳам таъсир кўрсатишини таъкидлади. У мисол сифатида Орол денгизидаги экологик ҳалокатнинг минтақа аҳолиси саломатлиги, даромадлари ва яшаш шароитига таъсирини келтирди.
Унинг сўзларига кўра, иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш учун барқарор даромад манбаларига сармоя киритиш, сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, экотизимларни тиклаш ва ижтимоий ҳимояни ривожлантириш талаб этилади.
Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илгари сурилган Иқлим ўзгариши билан боғлиқ аҳоли ҳаракатчанлиги соҳасида халқаро ҳамкорликнинг глобал асосларини ишлаб чиқиш ташаббуси (Global Framework of Cooperation on Climate Mobility) ҳам муҳокама қилинди.
Тадбирда таъкидланганидек, минтақавий декларация ушбу ташаббусни илгари суришга кўмаклашиши мумкин.