Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Франция таълим соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш ҳамда устувор йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида Франциянинг мамлакатимиздаги элчиси Уалид Фуко билан учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар француз тилини ўқитиш сифатини ошириш, замонавий дарсликларни жорий этиш ва мактабгача таълимда Kokoro Lingua методикасидан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилди.
Педагогларнинг малакасини ошириш ва икки мамлакат таълим муассасалари ўртасида тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари Ўзбекистон — Франция университетини ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш ва академик мобилликни кенгайтириш истиқболларини ҳам кўриб чиқди.
Ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари қаторида касбий ва дуал таълимни такомиллаштириш, замонавий лабораториялар ташкил этиш ҳамда ўқув жараёнига рақамли технологияларни жорий қилиш масалалари ҳам ўрин олди.
Музокаралар якунида томонлар белгиланган йўналишлар бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштиришга келишиб олди.