Ўзбекистон

Мунира Аминова Ўзбекистон Олий аттестация комиссияси раиси этиб тайинланди

Мунира Аминова Ўзбекистон Олий аттестация комиссияси раиси этиб тайинланди
Мунира Аминова Ўзбекистон Олий аттестация комиссияси раиси этиб тайинланди / Фото: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мунира Абдуғафуровна Аминова Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси раиси этиб тайинланди. Тегишли қарор Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинди.

Янги лавозимга тайинлангунига қадар Аминова Тошкентдаги Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ректори лавозимида ишлаган. Ушбу университет Буюк Британиянинг Қироллик қишлоқ хўжалиги университети билан ҳамкорликда ташкил этилган.

У турли йилларда Ўзбекистон Молия вазирлиги, Халқаро Вестминстер университети, Нью-Йоркдаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда Брюсселдаги Халқаро маъмурий фанлар институтида раҳбарлик, илмий-педагогик ва экспертлик лавозимларида фаолият юритган.

Шунингдек, у Европа Иттифоқи дастурларида иштирок этган ҳамда Бельгия ва Нидерландиядаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилган.

Мунира Аминова сиёсий фанлар доктори илмий даражасига эга. У Тошкент давлат техника университети, Буюк Британиядаги Бирмингем университети ва Брюссель эркин университетида (Vrije Universiteit Brussel) таҳсил олган.

Аминова 2024 йилдан буён Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Унинг касбий тажрибаси давлат бошқаруви, олий таълим, институционал ривожланиш ва халқаро ҳамкорлик соҳаларини қамраб олади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.