Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Қозоғистон ва Хитойга мунтазам авиақатновлар сонини ошириш бўйича келишувга эришди. Жумладан, Тошкентдан Олмаота ва Остонага амалга ошириладиган парвозлар частотаси ҳар бир йўналиш бўйича ҳафтасига 42 тадан 60 тага етказилади.
Тегишли келишувларга Тошкентда уч мамлакат авиация маъмуриятлари ўртасида ўтказилган музокаралар давомида эришилди.
Музокаралар 3–5 ноябрь кунлари бўлиб ўтган «Марказий Осиё — Хитой» (C5+1) форматидаги Фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик бўйича ишчи гуруҳнинг учинчи йиғилиши доирасида ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон авиация маъмуриятлари ҳамда авиакомпаниялари вакиллари иштирок этди.
Музокаралар якунларига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон авиация маъмуриятлари икки мамлакат ўртасидаги бошқа барча йўналишлар бўйича ҳам парвозлар сонини ҳафтасига 14 тадан 20 тага оширишга келишиб олди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Хитой ҳаво қатнови имкониятларини кенгайтиришга келишди. Мамлакатлар ўртасида рухсат этилган мунтазам авиақатновлар сони ҳафтасига 100 тадан 114 тага оширилади. Эришилган келишувларни мустаҳкамлаш мақсадида томонлар тегишли ҳужжатларни имзолади.
Йиғилиш иштирокчилари «Ҳаво ипак йўли»ни биргаликда ташкил этиш тўғрисидаги келишувни амалга ошириш, авиация соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ҳаво транспорти бозорини либераллаштириш ва норматив-ҳуқуқий базани уйғунлаштириш масалаларини муҳокама қилди. Кун тартибидан илғор технологияларни жорий этиш ва тажриба алмашиш масалалари ҳам ўрин олди.
Фуқаро авиацияси инфратузилмасини ривожлантириш, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, «яшил» ва «ақлли» технологияларни қўллаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда юқори даражадаги мунтазам учрашувлар механизмини яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
Кутилишича, авиақатновлар кўламининг кенгайиши Ўзбекистоннинг транспорт боғлиқлигини кучайтиради, йўловчилар учун сафар имкониятларини кенгайтиради ҳамда савдо-иқтисодий ва туристик алоқалар ривожига хизмат қилади.
Ишчи гуруҳнинг тўртинчи йиғилишини 2027 йилда Қирғизистонда ўтказиш режалаштирилган.