Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Япониянинг ITOCHU корпорацияси ва Deutsche Bank AG Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши таркибига кирди.
Янги аъзоларни қабул қилиш тўғрисидаги қарор 4 ноябрь куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов раислигида ўтказилган Кенгаш Ижроия қўмитаси йиғилишида қабул қилинди.
Учрашув Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги биносида бўлиб ўтди. Унда, шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Анди Аранитаси, Осиё тараққиёт банки ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арайя, Халқаро молия корпорациясининг минтақавий раҳбари Нил Маккейн ҳамда Кенгаш котибияти раҳбари Азиз Ғафуров иштирок этди.
Йиғилиш иштирокчилари Котибиятнинг 2026 йилнинг дастлабки ўн ойидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқди. Хусусан, ўнта идоралараро ишчи гуруҳ фаолияти, инвесторлар ташаббусларини илгари суриш, Марказий Осиё ва Кавказ инвестиция кенгашлари минтақавий альянсини (RAIC-CAC) ташкил этиш, шунингдек, бизнес уюшмалари билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Ҳозирги вақтда Кенгаш 15 дан ортиқ мамлакатнинг 40 дан зиёд компанияси ва молия институтларини бирлаштирган.
Йиғилишда 2027 йил охиригача мўлжалланган иш режаси ҳам тасдиқланди. Унга мувофиқ, ишчи гуруҳларнинг қарийб 70 та йиғилишини ўтказиш, Кенгашнинг оралиқ сессияларини 2026 йил 25 ноябрь, 2027 йил 18 май ва 23 ноябрь кунлари ташкил этиш режалаштирилган. Кенгашнинг бешинчи ялпи сессияси эса 2027 йил 14–16 июнь кунлари бўлиб ўтади.
Бундан ташқари, 2027 йил 9 апрель куни Тошкентда RAIC-CAC йиғилишини ўтказиш режалаштирилган. Келгуси йил бошида эса Investment Outlook тақдимоти бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Кенгашнинг 2026 йил учун йиллик ҳисоботи 16 декабрь куни FIC Year-end Session доирасида тақдим этилади.
Ҳужжатга вазирлик томонидан ўтказилаётган, хорижий инвестицияларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири бўйича 1 000 нафардан ортиқ респондент иштирокидаги умуммиллий сўров натижаларини киритиш режалаштирилган.