Молия

Ўзбекистонда 7,7 трлн сўмлик таълим кредитлари ажратилди

Ўзбекистонда 7,7 трлн сўмлик таълим кредитлари ажратилди
Ўзбекистонда 7,7 трлн сўмлик таълим кредитлари ажратилди / Фото: Сурат сунъий интеллекти томонидан яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2021 йилдан 2026 йилнинг учинчи чораги якунига қадар Ўзбекистонда қарийб 7,7 трлн сўмлик таълим кредитлари ажратилди.

Ажратилган кредитлар сони 663 мингтадан ошди. Ушбу маблағнинг 5,8 трлн сўмдан ортиғи хотин-қизларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлашга йўналтирилди. Уларга 515 мингтадан зиёд кредит берилди.

Бу маълумотлар 23 октябрь куни EduImkon дастури доирасида таълим кредитлари тизимини такомиллаштириш ва ислоҳотларга бағишланган маслаҳатлашув учрашувида маълум қилинди.

Учрашув Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Жаҳон банки томонидан ташкил этилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Унда вазирлик, Жаҳон банки, тегишли идоралар, тижорат банклари, олий таълим муассасалари ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда таълим кредитлари тизимининг жорий ҳолати, эришилган натижалар, молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Асосий мавзулардан бири Жаҳон банки томонидан 250 млн доллар миқдорида молиялаштирилаётган EduImkon дастури бўлди.

Дастур олий таълим олишда тенг имкониятларни кенгайтириш ва таълимни молиялаштиришни меҳнат бозори эҳтиёжлари билан мувофиқлаштиришга қаратилган. Яна бир мақсад — таълим кредитлари тизимининг узоқ муддатли молиявий барқарорлигини таъминлаш.

Дастур доирасида хотин-қизлар, кам таъминланган оилалар фарзандлари ва устувор йўналишларда таҳсил олаётган талабаларни манзилли қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, кредитларни расмийлаштириш, мониторинг қилиш ва қайтариш жараёнларини рақамлаштириш масалалари кўриб чиқилди. Иштирокчилар хорижий тажрибани, жумладан, битирувчиларнинг даромадига қараб кредитларни қайтариш механизмларини ҳам ўргандилар.

Учрашув иштирокчиларига халқаро экспертлар иштирокида таълим кредитлари тизимининг молиявий-иқтисодий моделини ишлаб чиқиш, амалдаги рақамли платформани баҳолаш ва кредитлар билан меҳнат бозори ўртасидаги боғлиқликни таҳлил қилиш режалари ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, дунёнинг энг яхши 300 та университети рўйхатига кирувчи хорижий олий таълим муассасаларида ўқиш, қисқа муддатли касбий тайёргарликдан ўтиш ва чет элда тил курсларида қатнашиш учун кредитлар ажратиш бўйича ишлаб чиқилаётган таклифлар муҳокама қилинди.

Молиялаштириш шартлари ва лимитлари, таълим муассасаларининг сифати, кредитларни қайтариш тартиби ҳамда битирувчиларнинг келгусида иш билан таъминланишига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирча ушбу механизмлар таклифлар босқичида турибди.

Иштирокчилар ижтимоий ва экологик омилларни ҳисобга олиш, инклюзивликни таъминлаш ҳамда мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини такомиллаштириш юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Учрашувда билдирилган таклифлар кейинги ислоҳотларни ишлаб чиқишда инобатга олинади. Вазирлик Жаҳон банки ва бошқа ҳамкорлар билан биргаликда таълимни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттиради.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.