Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегация Хитойга амалий ташриф доирасида Sinoma International Engineering Co., Ltd. компанияси билан саноат инжиниринги ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашув ташрифнинг биринчи куни Пекин шаҳрида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Асосий эътибор ҳудудда замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш, корхоналарни технологик модернизация қилиш ва илғор муҳандислик ечимларини жорий этишга қаратилди.
Sinoma International Engineering компанияси цемент ва тоғ-кон саноати учун EPC тамойили асосида комплекс лойиҳаларни амалга оширади ҳамда ишлаб чиқариш линиялари учун айланма печлар ва майдалагичларни ўз ичига олган юқори технологик ускуналар ишлаб чиқаради.
Компания, шунингдек, қайта тикланувчи энергетика, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект асосидаги бошқарув тизимлари соҳаларида лойиҳаларни ривожлантирмоқда. Учрашувда тақдим этилган маълумотларга кўра, Sinoma International 70 дан ортиқ мамлакатда 1000 дан зиёд лойиҳани амалга оширган.
2025 йилда компаниянинг тушуми 73,27 миллиард АҚШ долларини, соф фойдаси 4,23 миллиард АҚШ долларини, жами активлари эса 91,65 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.
Музокаралардан сўнг Тошкент вилояти делегацияси компания фаолияти, унинг муҳандислик ишланмалари, ишлаб чиқариш технологиялари, юқори технологик ускуналари ва саноат лойиҳаларини амалга ошириш тажрибаси билан танишди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Тошкент вилоятининг саноат салоҳияти ва инвестиция имкониятларини инобатга олган ҳолда истиқболли лойиҳаларни биргаликда ўрганишга келишиб олди.
Потенциал ҳамкорлик йўналишлари қаторида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, саноат инжиниринги, замонавий технологияларни жорий этиш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш белгиланди. Томонлар истиқболли ташаббусларни амалий амалга ошириш босқичига ўтказиш ниятида.