Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасида ҳудуднинг яқин 15 йилга мўлжалланган ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари О. Турсуновнинг Британиянинг халқаро лойиҳа-консалтинг компанияси ARUP вакиллари билан учрашуви Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» лойиҳаси доирасида ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 октябрдаги ПҚ–298-сон қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда. Учрашув давомида томонлар вилоятни ривожлантиришнинг узоқ муддатли истиқболлари, айрим ҳудудларнинг иқтисодий салоҳияти, аҳолини жойлаштириш ва урбанизация жараёнларини кўриб чиқди.
Ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда йирик инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари Янгийўл ва Чирчиқ шаҳарлари, Бекобод ва Чиноз туманларида шаҳарсозликни режалаштириш масалаларини ҳам муҳокама қилди. Шунингдек, мазкур туманларда танлаб олинган 20 та ҳудуд учун мастер-режалар ишлаб чиқишнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди.
Муҳокамалар доирасида ҳудудлар салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда инфратузилмани ривожлантириш, янги инвестиция лойиҳаларини жалб қилиш ва аҳоли учун қулай муҳитни шакллантириш бўйича таклифлар билдирилди.
Учрашув якунлари бўйича Тошкент вилоятини келгуси 15 йилда ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини белгилаш, устувор инфратузилмавий ва инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ҳамда уларни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича қўшма ишларни давом эттиришга келишиб олинди.