Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Uzbekistan Airports ва My Freighter e-commerce йўналишини ишга туширди

Дилафруз Ниязова · 09.09.2026 · 11:35 · 31 views
Uzbekistan Airports ва My Freighter e-commerce йўналишини ишга туширди
Uzbekistan Airports ва My Freighter e-commerce йўналишини ишга туширди / Фото: Uzbekistan Airports.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Uzbekistan Airports юк ташувчи авиакомпания My Freighter билан ҳамкорликда Хитойдан Европа мамлакатларига электрон тижорат юкларини Тошкент халқаро аэропорти орқали етказиб бериш бўйича мультимодал лойиҳани ишга туширди.

Янги йўналиш автомобиль ва ҳаво транспортидаги ташувларни ягона логистика занжирига бирлаштирувчи Truck-to-Air модели асосида ишлайди. Хитойнинг турли шаҳарларидан юклар дастлаб автомобиль транспортида Тошкентга етказилади ва бу ерда зарур қайта ишлаш жараёнларидан ўтказилади. Шундан сўнг улар ҳаво транспорти орқали Бельгиядаги Льеж халқаро аэропортига ташилади.

Лойиҳа 2026 йил 22 август куни ишга туширилган. Ҳозирга қадар унинг доирасида еттита юк рейси амалга оширилди.

Кейинги босқичда ташувлар частотасини ҳафтасига тўрт-олти рейсга етказиш режалаштирилмоқда. Бунда ҳар бир ҳаво кемасининг юк сиғими қарийб 50 тоннани ташкил этади. Режалаштирилган частотага чиқилганда, электрон тижорат юкларини ташиш ҳажми ҳафтасига 200–300 тоннага етиши мумкин.

Uzbekistan Airports юк ташиш фаолияти бўлими бошлиғи Камолиддин Бухаровнинг таъкидлашича, лойиҳа Тошкентнинг Осиё ва Европа ўртасидаги мультимодал хаб сифатидаги транзит салоҳиятидан фойдаланиш имконини беради.

«Авиация ва қуруқликдаги ташувларни бирлаштириш орқали Хитойнинг энг йирик электрон тижорат марказларини Европа бозорлари билан боғлайдиган самарали логистика йўналишини яратмоқдамиз», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятини янада ривожлантириш ва Тошкентнинг халқаро логистикадаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.