Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олмалиқ шаҳри ҳокими Барҳаёт Мелиев Тошкент вилояти делегациясининг Хитойга амалий ташрифи доирасида Юйхан шаҳри мэри ўринбосари Хун Цзяньлян ва хитойлик тадбиркорлар билан учрашди. Томонлар инвестицияларни жалб қилиш, ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш ва минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Олмалиқнинг инвестициявий салоҳияти, инвесторлар учун яратилган шароитлар ва мавжуд имкониятлар ҳақида маълумот тақдим этилди. Янги инвестицияларни жалб қилиш, ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш ва янги иш ўринлари яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунлари бўйича STRATEGY HG NAVI CAPITAL PTE.LTD. компанияси билан Олмалиқда қиймати 34,5 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Корхона металл, шиша, муҳандислик пластмассалари ва санитария-техника маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашади.
Бундан ташқари, 2 миллион доллар инвестиция жалб этган ҳолда пластмассадан маиший буюмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва янги иш ўринлари яратиш режалари белгиланди.
Учрашув давомида Олмалиқ ва Юйхан шаҳарлари ўртасида биродар шаҳарлар алоқаларини ўрнатиш бўйича ҳам келишувга эришилди. Томонлар инвестициявий, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.